
Халқаро инсонпарварлик ташкилотлари зилзила оқибатида улкан талафот кўрган Афғонистонга кўмак кўрсатишга чақирмоқда.
БМТ бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик Афғонистон кўмакка ўта муҳтож эканини таъкидлаб, халқаро ҳамжамиятни зилзила оқибатларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатишга ундаган.
Норвегиянинг қочқинлар масалалар бўйича кенгаши директори Якопо Кариди Афғонистонда қурғоқчилик, қашшоқлик кузатилаётган бир пайтда зилзилага қарши кураш осон кечмаётгани, ички ресурслар тугаб битганини қайд этган.
Иқтисодий инқироз шароитида яшаётган, халқаро ҳамжамиятдан иҳоталаниб қолган мамлакат зилзила оқибатида янада мушкул ҳолга тушган.
Ҳозирга қадар табиий офатдан жабр кўрган Афғонистонга саноқли давлатлар кўмак кўрсатган, холос. Жумладан, Европа Иттифоқи 1 миллион евро маблағ ва 130 тонна инсонпарварлик кўмаги ажратган. Буюк Британия 1 миллион фунт стерлинг ёрдам йўллаган. Аммо анъанавий равишда кўмак кўрсатиб келаётган йирик донор давлатлар, жумладан, АҚШ ҳеч қандай молиявий кўмак таклиф этмаган.
“Толибон” маъмурияти ҳам гарчи мамлакатда халқаро нодавлат ташкилотлар фаолияти чекланган бўлса-да, уларга ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Афғонистон ҳокимиятига 2021 йил август ойида “Толибон” ҳаракати келгач, мамлакатга халқаро ҳамжамият кўмаги кескин қисқариб кетган. Жорий йилда ҳам кўзда тутилган инсонпарварлик кўмагининг атиги 28 фоизи етказилган, холос.
Аввал хабар берганимиздек, 1 сентябрь куни Афғонистон жанубидаги Кунар ва Нангарҳар вилоятида содир бўлган 6 баллик зилзила улкан вайронгарликка олиб келди.
Табиий офатда минглаб уй вайрон бўлди. Энг кўп қурбонлар эпимарказга яқин жойлашган Кунар вилоятида қайд этилган. Ушбу ҳудудда бутунбошли қишлоқлар вайрон бўлган.