Талабалик давримизда бир фермернинг даласига ҳашарга бордик. Кун бўйи ишладик, даладаги ҳосилни йиғиб-териб олишга ёрдамлашдик. Кеч тушиб, қош қорая бошлагач фермер бобо бизга юзланди-да: “Оғайнилар, справка керак эмасми?”деди.
Чўлнинг ўртаси бўлса, бунинг устига далада идора бўлмаса, фермер қандай қилиб бизга маълумотнома берар экан, деб ўйладим-да: “Майли фермер бобо! Справкангизни беринг, биров-ярим сўраб қолса кўрсатамиз” дедим.
Шунда бояги фермер акамиз қўлини орқасига қилиб, дала ёқасидаги ариқ бўйлаб юрди. Сал нарироқда ўсиб турган бир туп жийда дарахти олдига борди-да: дарахт шохига бўй чўзди. Қўлига битта тугун илашди; уни олиб секин-секин қадам ташлаб ёнимизга келиб ўтирди.
Сўнгра, шошилмасдан, хотиржам ёнидаги папкадан беш-олтита босмадан чиққан маълумотнома бланк чиқарди. Унга ўқиш жойимизнинг номини, ҳашарчилар сонини, биз йиғиб берган ҳосил оғирлигини ручка билан эринмасдан ёзди. Кейин, тугунчакнинг ичидан хўжаликнинг муҳрини чиқарди-да, оғзига яқинлаштириб бир “суф” дея маълумотноманинг тагига босди…
Ҳа, яқин-яқингача шундай эди. Тадбиркору фермерлар барча ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлашга мажбур бўлган. Давлат идоралари ҳам, бошқа турли ташкилотлар ҳам улардан муҳрланган ҳужжат талаб этарди.
Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4160-сонли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр босилиши ёки ҳужжатларни муҳр билан тасдиқланишини талаб қилиш бекор қилинди.
Эндиликда тадбиркорлар банк ва бошқа молиявий ҳужжатларга, рухсатнома олиш учун бериладиган ариза шаклларига муҳр босиши мажбурий эмас. Шунингдек, давлат идораларининг тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр қўйишни талаб қилиши тақиқланади.
—Мазкур қарор биз тадбиркорларнинг кўнглимиздаги гап бўлди, —дейди хусусий корхона таъсисчиси С.Сирожиддинов. —Бундан тўрт-беш йил аввал Республика ташкилотларидан биридан корхонамизга лицензия олишга тўғри келди. Тошкентга бордим. Тўплаган ҳужжатларимдан яна бирига корхонамиз муҳрини босишга тўғри келиб қолди. Яна сарсон бўлиб, Сурхондарёга қайтиб келганман. Муҳр билан боғлиқ жуда кўп сарсонгарчиликларни бошимиздан ўтказганмиз.
Мазкур қарорнинг асосий мақсади ҳам тадбиркорларнинг вақтдан унумли фойдаланиши, сарсонгарчиликларнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, бу борада давлат органлари зиммасига ҳам катта масъулият юкланди.
Бир қарашда муҳр босиш оддий бир ҳолатга ўхшайди. Аммо, унинг ортида йўқотилаётган вақт, асаббузарлигу ортиқча ғавғо ҳам пайдо бўлиши ҳеч гапмас. Буни эса бошидан ўтказган тадбиркорлар билади..! Янги тартиб эса тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Салоҳиддин Норқобилов