Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов ҳақ-ҳуқуқини билмай мажбурий меҳнатга чиққан ўқитувчиларнинг ўзларини ҳам ишдан олиш кераклигини айтди. Бу ҳақда у жорий йилнинг 27 август куни ИВ Устозлар миллий форумида сўз очди.

“Ўқитувчиларга мажбурий меҳнат мутлақо мумкин эмас. Фурсатдан фойдаланиб бир нарсани айтмоқчиманки, бирорта мактабда агар мажбурий меҳнат бўладиган бўлса, автоматик тарзда директор ишдан олиниши керак. Шу мажбурий меҳнатга чиққан одамни ҳам ишдан олиш керак. Чунки, уни мажбурлаб чиқарган бўлса, ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ бўлса, чаласавод бўлса, кўр мулла бўладиган бўлса-ю, уни чиқ деса, чиқиб кетаверса, у қанақа ўқитувчи бўлади?” дея савол қўйган Турдимов.Шунингдек, у мактаблардаги мажбурий обуна масаласига ҳам тўхталган.
“Мана мени қийнайдиган иккинчи масала – обуна масаласи. Бирорта ўқитувчи газетага мажбуран обуна бўладиган бўлса, ўша мактаб директорини ишдан оламан. Ҳамма билиб олсин. Ўша пайтда ишдан оламан. Обуна бўладиган бўлсангиз, ўзингиз обуна бўлинг. Ана “замдиректор”ингиз бор тўртта-бештадан. Ана “завхоз”ингиз бор. Ўқитувчига тегинманг”, дейди вилоят раҳбари.
Маълумот учун, 2023 йил 27 мартда қабул қилинган ва эртаси куни кучга кирган “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” Ўзбекистон Республикаси қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш)га киритилган қўшимчага кўра, ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шу қонун билан Жиноят кодексининг 148-2-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш)га киритилган қўшимчага кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш, мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланган.
2018 йил 10 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинган.