Uzbekistan Airways маълумотлари Darknet’да сотувга чиққани айтилди. Авиакомпания раддия берди

Сўнгги кунларда айрим манбаларда Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг ахборот тизимлари ҳакерлар томонидан бузилиб, йўловчилар ва ходимлар ҳақидаги маълумотлар darknet’да сотилмоқда, деган хабарлар тарқалди.
Бироқ авиакомпания расмий баёнот билан чиқиб, бу маълумотларни инкор этди:
«Ҳозирги вақтда ахборот тизимларимизга ноқонуний кириш ёки йўловчи ва ходимларнинг шахсий маълумотлари ошкор қилиниши билан боғлиқ бирорта ҳам тасдиқланган ҳолат қайд этилмади. Инфратузилмамиз тўлиқ ишчи ҳолатда», – дейилади Uzbekistan Airways’нинг Telegram’даги баёнотида.
Компания қўшимча қилиб, интернетда тарқалган «исботлар» ҳақиқий эмаслиги, улар сунъий равишда яратилган бўлиши мумкинлигини қайд этган.
«Материалларда кўрсатилган маълумотлар бизнинг ахборот тизимларимизга алоқадор эмас ва дастлабки тахминларга кўра, ҳодиса мавжудлиги ҳақида нотўғри таассурот қолдириш мақсадида сунъий равишда яратилган ёки таҳрирланган бўлиши мумкин», – дейилади баёнотда.
Шунга қарамай, «ахборот таҳдидларига жавоб бериш бўйича амалдаги тартиб-қоидалар доирасида, айрим оммавий ахборот воситаларида сиздирилган маълумотлар ҳақида хабарлар тарқалиши муносабати билан» хизмат текшируви ўтказилган.