ЎЗБЕКИСТОН

“Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастурининг мақсад ва вазифалари

Мамлакат ҳаётида юз бераётган ўзгаришларни одамлар ўз вақтида билиши, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти эса очиқлик, шаффофлик асосида жамоатчилик назоратида бўлиши жамият тараққиёти учун ўта муҳим. Бу – демократия мезони ҳисобланади ва биринчи навбатда, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига, ташаббускорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

«Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони билан бу борада залворли ўзгаришларнинг ҳуқуқий пойдевори қўйилди.

Адлия вазирлиги фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб бориш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастури қабул қилинди.

Ҳаракатлар стратегиясида ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Шу ўринда савол туғилади, давлат органи фаолиятининг очиқлиги нима учун керак? Бу давлат органига нима беради?

Давлат органининг очиқлиги авваламбор ҳисобдорлик учун керак. Яъни халқ давлат органига эмас, балки давлат органи халққа хизмат қилиши керак, деган тамойилни тўлақонли амалга ошириш учун зарур. Одамлар у ёки бу ташкилот нима иш қилаётганини, унинг фаолияти самарадорлигини билиб туриши лозим.

Адлия органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш асосий устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Адлия органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари:

Ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги;

фаолиятнинг ошкоралиги ва шаффофлиги;

фаолият тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги;

фаолият тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг шаъни ва қадр қимматини тажовузлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш.

Дастур қоидалари энг аввало очиқлик, шаффофлик тўғрисидаги фалсафадан, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги ҳақидаги конституциявий нормадан ва бу борадаги махсус қонун билан белгиланган принциплар ва талаблардан келиб чиқиб, шакллантирилган ва амалга оширилмоқда.

Тез суръатларда ривожланиб бораётган ижтимоий муносабатлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги, уларнинг фуқаролар билан интерактив фаолиятини ривожлантиришни талаб этмоқда.

Адлия вазирлигининг  “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастурида  қуйидагилар  назарда тутилган:

Видео ва аудио-ёзувга рухсат берилади

Адлия вазирлиги эътибордан четда қолаётган жиҳатларни, ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича жамоатчилик ёрдамидан фойдаланишга қарор қилди;

Ижтимоий тармоқларда фаол мулоқотлар ўтказилади

Давлат органлари фаолиятини самарали таъсирини таъминлашда расмий веб сайтлар ва ижтимоий тармоқлар муҳим аҳамиятга эга. Чунки айнан веб-сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалар кенг жамоатчиликни хабардор қилишнинг самарали усулига айланиб улгурди.

Бу замонавий тажрибани қўллаган ҳолда вазирликнинг Facebook тармоғидаги “Адлия билан мулоқот” ҳамда “Ҳуқуқий ахборот” телеграмм канали ҳар бир чиқаётган қонун ҳужжатининг мазмунини содда, тушунарли тарзда фуқароларга етказиб бермоқда.

Шу билан бирга вазирлик деярли барча ижтимоий тармоқларда ўзининг саҳифа ва каналларига эга.

Бунда мурожаат юбориш осонлашади ҳамда жисмоний ва юридик шахслар адлия органларига юборган ўз мурожаатларини вазирликнинг веб-сайти орқали кузатиб боришлари мумкин;

Бундан ташқари, махсус телеграм ботлар яратилди. Ушбу ботлар орқали қонунчиликка таклифлар киритиш ёки тизимдаги коррупция ҳолатлари ҳақида бемалол хабар бериш мумкин;

Муносиб кадрлар танлаб олинади

Давлат органига юкланган вазифалар ўз вақтида, энг муҳими сифатли бажарилиши учун унда энг муносиб кадрлар ишлаши зарур.

“Очиқ адлия” дастурида жаҳоннинг ҳеч қайси мамлакатида қўлланилмаган илғор ёндашувлар асосида кадрларни танлаб олиш, уларни лавозимини ошириш белгиланди. Танлов жараёнлари онлайн равишда интернет орқали намойиш қилиб келинмоқда.

Ходимлар бир-бирини назорат қилади.

Вазирлик ўз биносида ходимлар кенг майдонда бир бирини бемалол кузата оладиган даражада жойлаштирилди.Ташкилотга келган фуқаролар ҳам ходимлар қандай иш билан банд бўлишини ўз кўзлари билан кўришлари мумкин.

Содда қилиб айтганда деворлар ва эшиклар энди шаффофликни таъминлайди.

 “Очиқ эшиклар куни”

“Очиқ эшиклар куни” тадбири орқали кундалик фаолиятимизни кўрсатиш билан бирга, адлия органларига ишга киришни хоҳловчи ёшлар сафини кенгайтиришни режалаштирилган.

Шу ўринда яна бир маълумот, вазирлик марказий аппарати биносида 2018 йилдан бошлаб “Адлия музейи” ишлаб турибди. Унга шанба куни барча хоҳловчилар бемалол, бепул киришлари мумкин.

Харажатлар эълон қилиб борилади

Бундан ташқари Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларининг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар вазирликнинг веб-сайтида эълон қилинади. Жамоатчилик ҳам адлия идоралари қайси мақсадлар учун қанча пул маблағларини ишлатди, ўзи шу харажат керакми?, деган саволларни қўйиши мумкин бўлади.

Адлия ҳисобот беради

Яна бир муҳим янгиликлардан бири бу адлия органларининг ҳар йил якуни бўйича аҳолига бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот беришидир. Энди бу ҳисобот анъанавий тарзда ҳар йили тақдим этиб келинмоқда.

“Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастуринидан кутилаётган натижалар бу биринчи навбатда аҳолига адлия органларининг давлат бошқарувидаги ролини тўлиқ тушунтириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тўғри етказиш, жамият учун муҳим бўлган масалалар бўйича тайёрланган маълумотлар, таҳлилий материалларнинг очиқлиги аҳолига у ёки бу органнинг ҳаракатларидан яқин, ўрта ёки узоқ келажакда нималар кутиш мумкинлиги ҳақида аниқ тасаввурни пайдо қилади.

Нилуфар Назарова, Шўрчи туман адлия бўлими давлат хизматлари маркази бош мутахассиси                                              

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan