
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармони эълон қилинди.
Унга кўра, 2025/2026-ўқув йилидан:
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети («Grean University») экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши каби таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича етакчи олий таълим ташкилоти этиб белгиланди;
«Grean University»да «циркуляр иқтисодиёт» таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилади;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Grean University»га бириктириладиган «яшил техникумлар» фаолияти йўлга қўйилади;
табиий фанлар, муҳандислик-техника, иқтисодиёт ва молия йўналишларидаги давлат олий таълим ташкилотларида «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш» фани ва ўқув дастурлари киритилади;
олий таълимда грант ўринларини босқичма-босқич ошириш ҳисобига аниқ ва табиий фанлар, муҳандислик-техника, хизматлар, тиббиёт каби соҳаларда давлат буюртмаси 25 мингтага етказилади;
«Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши таълим дастурлари асосида таълим олиш учун стипендия танловига 20 тагача квота ажратиб борилади;
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида 3,5 минг камбағал оилалар фарзандлари тайёрланиб, олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда грант асосида қабул қилиш ишлари ташкил этилади.