САЛОМАТЛИК

ЖССТ mpox вирусига қарши биринчи вакцинани тасдиқлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) mpox (маймунчечак) вирусига қарши биринчи эмлашни тасдиқлади. ЖССТ пресс-релизига кўра, MVA-BN вакцинаси олдиндан квалификация рўйхатига киритилган. 

Препарат Даниянинг Bavarian Nordic A/S биотехнология компанияси томонидан ишлаб чиқилган. MVA-BN 18 ёшдан ошган одамларга 4 ҳафталик интервал билан 2 дозали инъекция шаклида қўлланилиши мумкин.

ЖССТ кўрсатмаларига кўра, эмлашнинг фойдаси потенциал хавфлардан юқори бўлса, вакцина «чақалоқлар, болалар ва ўсмирлар, шунингдек, ҳомиладор аёллар ва иммунитет танқислиги бўлган одамларда эпидемия ўчоқларида» қўлланилиши мумкин.

«Маймунчечакка қарши вакцинанинг дастлабки квалификацияси Африкадаги ҳозирги авж олиш шароитида ҳам, келажакда ҳам ушбу касалликка қарши курашимиздаги муҳим қадамдир», деди ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус.

Маълумот ўрнида, mpox вируси сичқон каби кемирувчилардан ёки касал одамдан юқади. Инфекциянинг энг кенг тарқалган сабабларидан баъзилари танадаги тошмага тегиш, ифлосланган кийим, чойшаб ва шунга ўхшаш нарсаларни ишлатишдир.

2022 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўплаб ирқчилик фикрлари туфайли «маймунчечак» касаллигини mpox деб ўзгартиришга қарор қилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan