
Марказий банк пул агрегатлари ҳақида тақдим этган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кенг маънодаги пул массаси июл ойида 5,7 трлн сўмга ортиб, 1 август ҳолатига 242,2 трлн сўмга етган.
Хусусан, миллий валютадаги пул массаси 6,5 трлн сўмга кўпайиб, 186,9 трлн сўмни ташкил этмоқда.
Шунингдек, чет эл валютасидаги депозитлар қолдиғи 778 млрд сўмга камайган бўлса, тор маънодаги пул массаси 2,3 трлн сўмга ошган.
Хусусан, июл ойида муомалага чиқарилган нақд пуллар қолдиғи 539 млрд сўмга кўпайиб, 1 август ҳолатига 50,4 трлн сўмни ташкил этган. Бу рекорд кўрсаткичдир.
Йил бошига нисбатан нақд пуллар қолдиғи 4,8 трлн сўмга кўпайган. Миллий валютадаги бошқа депозитлар эса йил давомида 17,2 трлн сўмга, июл ойида эса 4,2 трлн сўмга ошган.
Кенг маънодаги пул массасига — нақд пуллар, бошқа номолиявий ва молиявий ташкилотлардаги талаб қилиб олингунгача бўлган миллий ва чет эл валютасидаги жамғарма ҳамда депозитлар киради.
Тор маънодаги пул массасига — муомаладаги нақд пуллар ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунгача бўлган депозитлар киради.
Нақд пулга талаб ошишига узоқ муддатли омиллар (иқтисодий ўсиш, демографик ўзгаришлар ва молия секторининг ривожланиши) билан бир қаторда, мавсумий иқтисодий фаолликнинг ошиши, чет элдан пул ўтказмалари кўпайиши, валюта курслари барқарорлиги каби омиллар ҳам таъсир қилади.