Бир гуруҳ тадбиркорлар давлат мукофотлари ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари билан тақдирланди

Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган Фармон ва фармойиш билан мамлакатимиз иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик ривожини янги босқичга кўтариш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш борасидаги катта хизматлари, иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш фаровонлини ошириш йўлидаги ҳиссалари учун бир гуруҳ тадбиркорлар давлат мукофотлари ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Улар орасида давлат мукофотига лойиқ кўрилган икки нафар, “Фаол тадбиркор” нишони билан тақдирланган олти нафар сурхондарёлик тадбиркорлар ҳам бор. Бугун Термиз шаҳридаги «Тинчлик» ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида воҳалик тадбиркорларга давлат муокофотлари ва кўкрак нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, тадбиркорларнинг кейинги йилларда воҳамизни ҳар томонлама ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаларини алоҳида эътироф этди. Шундан сўнг, «Дўстлик» ордени ва «Шуҳрат» медали ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали топширилди.
Тадбирда иштирок этган нуронийлар, кўп йиллар давлат бошқарувида ҳамда тадбиркорлик фаолиятини олиб борган фахрийлар ҳамда тадбиркорлар сўзга чиқиб, бугунги юртимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятларга тўхталаб, Президентимиз ва халқимиз ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг тадбиркорлар ва нуронийлар учун байрам дастурхони ёзилди. Нуронийлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда тадбиркорларимиз ишларига ривож тилаб дуога қўл очишди.