ҲУҚУҚ

Боланинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқи

Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга.

Боланинг ота-онаси бўлмаганда ёки улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ва бола ота-она қаромоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади.

Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши,ҳар тарафлама камол топиши,инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа –бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.

Ота-она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшаган тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эгадир.

Боланинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), Оила кодексида назарда тутилган ҳолларда эса, васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади.

Вояга етмаган бола қонунга мувофиқ тўла муомила лаёқатига эга деб эътироф этилса, у ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан ҳимоя ҳуқуқини мустақил амалга оширишга ҳақлидир. Оилада боланинг манфаатларига таалуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақлидир

Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига таалуқли масалаларни ҳал қилишда, боланинг фикрини, унинг ёшидан қаътий назар кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак.

Х.Алиқулова, Бандихон туман Адлия бўлими ФҲДЁ бўлими мудираси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan