Самарқандда Ўзбекистон-Германия қўшма халқаро саломатлик фанлари олий мактаби очилди
Самарқанд шаҳрида Абу Али Ибн Сино ва Ҳайнрих Шиппергес номидаги Ўзбекистон-Германия қўшма халқаро саломатлик фанлари олий мактаби нодавлат таълим ва илмий методик муассасасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Олий мактаб Ўзбекистоннинг Оммавий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази томонидан Германиянинг Людвигсбург амалий фанлар университети ва Ҳаймерер профессионал академияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Очилиш маросимида таниқли фан ва таълим намояндалари, икки давлат жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзаро манфаатларга асосланган ушбу ҳамкорлик тиббий таълимни ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш тизими учун малакали мутахассислар тайёрлашни ўз ичига олади. Таълим муассасасининг асосий мақсади соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори малакали тиббиёт ходимлари ва бошқарув кадрларини тайёрлашдан иборат. Тиббиётга ихтисослашган муассаса ўзбек ва немис тиббиёт таълимининг ўзида мужассам этган илғор анъаналари, стандартлари ва амалиётларини жорий этиб боради.
Саломатлик олий мактаби кўп босқичли таълим дастурини таклиф этади. Немис тили бўйича тўққиз ойлик ихтисослаштирилган тайёргарлик босқичи ва унда талабалар келажакдаги касбий таълим ва халқаро муҳитда ишлаш учун зарур бўлган немис тилини етарли даражада ўзлаштирадилар Уч йиллик касбий таълим – ушбу босқичда талабалар турли тиббиёт муассасаларида ишлаш учун зарур бўлган мутахассислик бўйича асосий ва махсус билимларни оладилар. 2026 йилдан бошлаб эса тиббиёт ва соғлиқни сақлашни бошқариш йўналиши бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган янада чуқурлаштирилган тўрт йиллик бакалавриат ва икки йиллик магистратура таълими жорий этилади.
Мактабнинг асосий афзалликларидан бири дипломларнинг халқаро тан олинишидир. Мазкур таълим муассасаси битирувчилари нафақат Ўзбекистонда, балки Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларида ҳам ишлаш имкониятига эга бўладилар. Бу эса уларнинг касбий истиқболлари жуғрофиясини сезиларли даражада кенгайтиради.
Тиббиёт фанлари бўйича Ўзбекистон-Германия қўшма халқаро олий мактабининг очилиши минтақа, қолаверса, бутун мамлакат учун катта аҳамиятга эга. Бу тиббий таълимни ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, фан ва таълим соҳасида халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу мактаб Ўзбекистоннинг жаҳон таълим маконига интеграциялашуви, замонавий соғлиқни сақлашнинг мураккаб муаммоларини ҳал этишга қодир мутахассисларни тайёрлашга қўйилган муҳим қадамдир.