«News Central Asia»: Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик янада жадаллашади
Туркманистоннинг оммабоп «News Central Asia» сайтида «Ўзбекистон ва Туркия кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштирмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Нашрда қайд этилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған 6 июнь куни Анқара шаҳрида Кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларацияни имзоладилар.
«Ташриф давомида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған раислигида Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Анжуманда, сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробарга, қўшма корхоналар сони 2 баробарга, Ўзбекистон иқтисодиётига турк инвестициялари ҳажми 2,5 баробарга ошгани қайд этилди. Икки давлатнинг йирик шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та парвоз амалга оширилмоқда, Туркиядан келаётган туристлар оқими 3 баробарга кўпайгани билдирилди», — дейилади нашрда.
Мақолада ёзилишича, томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида саноат кооперациясини кучайтириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва биргаликда учинчи давлатлар бозорларига чиқиш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида божхона тарифларини пасайтириш, Истанбул шаҳрида Ўзбекистон савдо ваколатхонасини очиш зарурлиги қайд этилди.
«Ташриф давомида, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни «Туркия Республикаси нишони» билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Қардош мамлакатнинг олий давлат мукофотини Ўзбекистон етакчисига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған тантанали равишда топширди», — дея маълум қилган «News Central Asia».