Ўзбекистонда аёлларнинг эркаклар билан бир хил даражада маош олишини таъминлаш 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам беради – Жаҳон банки

Жаҳон банки Буюк Британия ҳукуматининг молиявий кўмагида “Ўзбекистонда гендер тенглиги таҳлили” ҳисоботини тайёрлади.
Ушбу ҳисобот турли соҳалардаги, жумладан, аёлларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодий фаолиятдан фойдаланиш имконияти, уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, никоҳ ва ажралишлар билан боғлиқ вазият, шунингдек, аёлларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги иштироки каби вазиятни таҳлил қилиш орқали Ўзбекистонда гендер тенглиги масалаларини ўрганади.
Бундан ташқари, ҳисоботда ижтимоий ва маданий нормалар ва муносабатларнинг аёллар ҳуқуқлари ва уларнинг жамиятда қандай қабул қилинишидаги ўрни баҳоланади.
Ушбу ҳисоботда гендер тенгсизлигини бартараф этиш учун тавсиялар берилган.
Ҳисоботнинг асосий хулосалари:
2017 йилдан буён мамлакат расмийлари томонидан гендер тенглигига эришиш борасида эришилган сезиларли ютуқлар эътироф этилган. Хусусан, тенг қийматдаги меҳнат учун аёлларга эркаклар билан тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи нормалар қабул қилинган. Айрим соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинди. Бундан ташқари, аёлларни оиладаги (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилувчи нормалар қабул қилинди.
Ҳисоботда Ўзбекистонда аёлларнинг таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятлари сезиларли даражада яхшилангани қайд этилган. Бунда 2017-2022 йилларда эркаклар ўртасида олий таълим олиш имконияти 3 баравар – 29 фоизгача, аёллар ўртасида тўрт баравар – 27,4 фоизгача ошди.
Қонунчилик ва инсон капитали ривожланишидаги ижобий ўзгаришларга қарамай, Ўзбекистон меҳнат бозорида гендер тенгсизлик ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. 2021 йилда аёлларнинг ишчи кучидаги улуши эркакларникидан 28 фоиз пунктга (f.p.) паст бўлган.
Ўзбекистонда ёш хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси 15,5 фоизни ташкил этади, бу ёш эркаклар ўртасидаги 10 фоизлик кўрсаткичдан кўпроқ.
Таълим, иш ёки профессионал тайёрловда бўлмаган ёш аёллар улуши 42 фоизни ташкил қилади, эркакларда эса бу кўрсаткич 8,8 фоиз атрофида.
Бундан ташқари, хизмат учун ҳақ тўлашда ҳам сезиларли даражада гендер тенгсизлиги мавжуд, аёллар эркакларга қараганда 34 фоиз камроқ маош олади. Бу 20 фоиз бўлган глобал ўртача кўрсаткичдан юқори.
Аёллар ўртасида иш ҳақи ва бандликнинг пастлиги Ўзбекистонда иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатмоқда ва камбағалликни кучайтирмоқда.
Агар хотин-қизлар иқтисодий фаолиятда эркаклар билан бирдек иштирок этса, Ўзбекистонда миллий даромад 29 фоизга ошади.
Аёлларнинг эркаклар билан бир хил даражада маош олишини таъминлаш 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам беради.
Ҳисобот тавсиялари орасида Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ўз иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун гендер тенгсизликни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни давом эттириши зарурлиги қайд этилган.