ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистон – Европа Иттифоқи муносабатлари Венгрия ОАВ нигоҳида

Венгриянинг оммабоп «Маgyar Nemzet» газетаси сайтида «Ўзбекистон – ЕИнинг янги ҳамкори – стратегик шериклик ва иқтисодий муносабатлар» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

«Ўзбекистон билан муносабатларни мустаҳкамлаётган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар сони бирин-кетин ортиб бормоқда. Ҳамкорлик натижасида, Тошкент нафақат икки томонлама муносабатларда, балки Европа Иттифоқи даражасида ҳам қитъанинг тобора яқин ҳамкорига айланиб бормоқда», деб таъкидлаган мақолада.

Маълум қилинишича, 2023 йил якунига кўра, Ўзбекистон умумий савдо айланмасининг 9,2 фоизи Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келди, бу 5,8 миллиард долларга тенг. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасида Германия ва Франция каби давлатлар расмий Тошкент учун асосий ҳамкорларга айланди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам энг йирик савдо айланмасига эга бўлган ўнта давлат қаторига киради. Рўйхатга Литва, Чехия ва Италия ҳам киритилган.

Муаллиф Ўзбекистон бир қатор давлатлар билан муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтарганига эътибор қаратган. 2021 йилда биринчилар қаторида Венгрия, ўтган йилнинг июнь ойида эса Италия билан шундай муносабатлар ўрнатилди.

Материалда, шунингдек, Будапешт ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар шу йил 30 июнь куни бошланиши, парвозлар Ўзбекистоннинг «Qanot Sharq» авиакомпанияси томонидан амалга оширилиши хабар қилинган.

«Режага кўра, парвозлар ҳафтада бир марта, якшанба кунлари икки пойтахт ўртасида ва сентябрь ойидан бошлаб эса чоршанба кунлари ҳам амалга оширилади. Шунингдек, Тошкент атрофида венгрия компаниялари учун махсус иқтисодий зона ташкил этилмоқда, – деб ёзган «Маgyar Nemzet»да эълон қилинган мақола якунида.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan