ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги 50 жилдлик китоб-альбомлар Лувр музейига топширилди

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан нашр этилган «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги 50 жилдлик китоб ва альбомларни «Лувр» музейига топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, мазкур лойиҳа мамлакатимизда яратилган аммо ҳозирда Европа, Россия, Осиё, Америка, Африка ва бошқа минтақалардаги турли музейлар ҳамда шахсий коллекцияларда сақланаётган археологик осори атиқалар – ноёб миниатюрали нодир қўлёзмалар, санъатнинг турли амалий буюмларини каталоглаштириш ғоясига асослангани ҳақида сўз юритилди.

Лувр музейи директорининг дипломатик маслаҳатчиси Лионард Бальтазар Ўзбекистон маданий меросига оид кенг маълумотларни ўз ичига олган китоблар туркуми тақдимоти учун миннатдорлик билдирди.

«Ушбу нодир китоблар Лувр музейи коллекциясининг қимматли экспонатлари қаторидан жой олади. Улар келгусида илмий изланишлар олиб бориш ниятида бўлган французлар ва тадқиқотчилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади», деди у.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan