Тожикистоннинг «Avesta» ахборот агентлиги сайтида «Ўзбекистон Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкорларидан бирига айланиб бормоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинди,

Унда Европа Иттифоқи билан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, таълим, қонун устуворлиги, чегараларни бошқариш, жиноятчиликка қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошираётган Ўзбекистон муҳим ҳамкор мақомига эга бўлаётгани маълум қилинган.
Таъкидланишича, кейинги йилларда мамлакатда яратилаётган қулай шарт-шароитлар натижасида томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалар жадал ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистондан Европа Иттифоқи ҳудудига товарларни экспорт қилиш учун имтиёзли шарт-шароитларни таъминловчи GSP+ имтиёзлар тизими туфайли Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда.
Мазкур мақолада қайд этилганидек, сўнгги йилларда савдо-иқтисодий соҳада сезиларли ўсиш кузатилди. 2023 йил якунига кўра, Ўзбекистон умумий савдо айланмасининг деярли ўндан бир қисми (9,2 фоиз) Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келди, бу 5,8 миллиард долларга тенг.
Маълумотларга кўра, Германия Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасида сармоявий, савдо-иқтисодий шерик сифатида Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг яна бир йирик савдо-иқтисодий ҳамкори Франциядир.
Маълум қилинишича, 2024 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Франция ва Германия Ўзбекистон билан энг кўп товар айирбошлаш бўйича етакчи ўнталикка кирди.
Албатта, Европа Иттифоқи мамлакатлари Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга бўлиб, ўсиб бораётган савдо-иқтисодий ва инвестициявий кўрсаткичлар мамлакат иқтисодий манфаатларига хизмат қилади.
«Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши ҳар икки томон учун ҳам янги имкониятлар очади. Негаки, Европа томони учун Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудуди транспорт-логистика занжирларини барқарорлаштириш ҳамда муҳим хомашёдан муқобил фойдаланиш имкониятини беради. Ўзбекистон учун Европа Иттифоқи янги ташқи бозорларни излаш, жаҳон ҳамжамиятининг диққатини сув ва иқлим муаммолари ва минтақавий хавфсизлик масалаларига қаратиш, шунингдек, ташқи сиёсатдаги шерикларни диверсификация қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга», – деб таъкидлаган «Avesta»АА.