ДУНЁ

Европа Иттифоқи илк бор Исроилга қарши санкциялар қўлламоқчи

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Исроил Халқаро суднинг Рафаҳдаги операцияни тугатиш ҳақидаги буйруғини бажаришдан бош тортса, унга қарши санкциялар қўллаш бўйича “жиддий музокаралар” ўтказди. Бу ҳақда Ирландия ташқи ишлар вазири Майкл Мартинга таяниб, Politico хабар берди.

Фото: Shutterstock

Мартиннинг сўзларига кўра, Евроиттифоқ давлатлари доим суд қарорларини бажариш зарурлигини таъкидлаб келган.

“Халқаро Суднинг вақтинчалик қарори бўйича қизғин мунозаралар бўлиб ўтди. Бунда Исроил чегара пунктини очиш ва Рафаҳдаги ҳарбий амалиётларини тўхтатиш борасидаги буйруққа амал қилиши кераклиги тўғрисида жуда аниқ позиция акс этди.

Халқаро гуманитар ҳуқуқ, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш Европа Иттифоқининг асосидир ва ҳозирги вазият бу масалани ҳақиқатан ҳам диққат марказига қўймоқда, айниқса, кеча тунда содир бўлган ҳужумда жуда кўплаб бегуноҳ одамлар ўлдирилган”, — деди Мартин.

Исроилнинг ташқи матбуот алоқалари департаменти Мартиннинг баёнотларига изоҳ бермаслигини билдирди. 

“Армия Бош штаби ҳодиса сабабларини ўрганмоқда ва ҳарбийлар тинч аҳолига ҳар қандай зарар етказганидан афсусда”, —дейилади Исроил томони баёнотида.

Европа Иттифоқи 27 май куни Исроил кучларининг Рафаҳга уюштирган зарбаси фонида Европа Иттифоқи— Исроил ассоциация кенгашини чақирди. 

Бельгия ташқи ишлар вазири Ажа Лабиб кенгашни чақириш қарори Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррель билан биргаликда қабул қилинганини айтди. Евроиттифоқ Исроилнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларига риоя қиляптими ёки йўқлигини баҳолашни режалаштирмоқда. Боррелнинг айтишича, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Исроил билан ҳамкорлик шартномасини қисман тўхтатиб қўйишга рухсат берган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan