МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати ўтган йилнинг сўнгги матбуот анжуманини Денов туманида ташкил этди
Журналист ва блогерлар иштирок этган анжуманда бошқарма бошлиғи Жуманазар Жуманиязов ўтган йилнинг ўн бир ойида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таъкидландики, вилоятдаги давлат ижрочилари 129 мингдан ортиқ давлат ундирувлари билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича 628,3 миллиард сўм маблағ ундирди. Жумладан, жиноят оқибатида давлатга етказилган зарарларни ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича 306 миллион сўм, солиқ қарздорлигини ундиришга доир 16 минг 242 та ижро ҳужжати бўйича 549 миллиард сўм, жиноий жарималарни ундиришга оид 261 та ижро ҳужжати бўйича 3 миллиард 609 миллион сўм ундирилди. 84 мингга яқин маъмурий жарималарни ундиришга оид ижро ҳужжати бўйича 40 миллиард 196 миллион сўм, давлат божи ундирувига оид 28 мингга яқин ижро ҳужжати доирасида 34 миллиард 364 миллион сўм ундируви амалга оширилди.
МИБ вилоят бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари якунланаётган йилда алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви билан боғлиқ 30 минг 153 та ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатларини олиб бориб, уларнинг 7 минг 43 тасини тугатди. Айни 23 минг 110 та ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари давом этмоқда.
Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 168 миллиард сўм алимент пуллари ундирилиб, алимент олувчиларга олдиндан тўлов сифатида 4,2 миллиард сўм нақд пул ундириб берилди. Алимент ундирувига доир ижро ҳужжатлари ижросига янгича ёндошув тамойиллари асосида амалга оширилаётган тадбирлар натижасига кўра, 64 миллиард сўм алимент пуллари ундирувчилар номига очилган банк пластик карталари орқали тўланиши таъминланди.

Бошқарманинг қидирув шуъбаси ходимлари олиб борган тадбирлар чоғида қидирувда бўлган 689 нафар қарздордан 336 нафар алимент қарздори топилиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун давлат ижрочиларига топширилган. Қидирувда бўлган 353 нафар алимент тўловчининг 144 нафари чет элда экани аниқланиб, халқаро қидириш учун сўровнома юборилган.
Узоқ муддатдан буён алимент тўловларини тўламасдан келаётган 765 нафар қарздорнинг ҳужжатлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ маъмурий чора кўриш учун судларга тақдим этилиб, қарздорликни бартараф этмаган 538 нафарига маъмурий жазо чораси қўлланилган бўлса, 69 нафарига МИБ ва 33 нафарига прокуратура органлари Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноят иши қўзғатган.
Матбуот анжуманида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” махсус жамғармаларига ўтказиб бериладиган ундирувлар билан боғлиқ ҳужжатлар ижроси, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган уй жойлари, иморатлар, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иншоотлар учун компенсация пули ундируви билан боғлиқ ҳужжатлари ижроси, МИБнинг ихтисослаштирилган туманлараро бўлими амалга оширган ишлар, мурожаатлар ижроси, ходимлар малакасини ошириш юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоб олди.