Фарғонада 292 мингдан зиёд сифати кафолатланмаган дори воситалари айланмасига чек қўйилди
Фарғонада 1 миллиард 406 миллион сўмлик дори воситалари ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси фош этилди, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Данғара туманида тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида фуқаро Т.V. хонадонида ноқонуний сақланаётган, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 1 миллиард 406 миллион сўмлик 292 мингдан зиёд сифати кафолатланмаган дори воситалари ва 30 минг қути акциз маркалари бўлмаган тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.