
10 апрель куни Энергетика вазирлиги бошчилигидаги Ишчи гуруҳи “Шимолий Сўх” ГЁСИда табиий газни сақлаш тизимини тиклаш» лойиҳаси доирасидаги тадқиқотларини ўтказиш учун мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида Қирғизистоннинг Қадамжай туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖ маълум қилди.
Қирғизистон тарафидан тузилган ишчи гуруҳи билан учрашувда йўл харитасида кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш муҳокама қилинган. Қирғизистон ҳудудидаги газ қудуқларининг ҳолати кўздан кечирилган. Лойиҳа доирасида амалга ошириладиган навбатдаги қадамлар белгилаб олинган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида қўшма амалий ҳаракатлар режаси тасдиқланган. “Шимолий Сўх” ГЁСИда табиий газни сақлаш тизимини тиклаш» лойиҳаси ҳам ана шу режадан ўрин олган.
Бу борадаги ишларни жонлантириш учун Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика вазирлари томонидан “Шимолий Сўх” ГЁСИда табиий газни сақлаш тизимини тиклаш» лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш учун “Йўл харитаси” имзоланган. Ўзбекистон Республикаси томонидан 15 кишидан иборат Ишчи гуруҳ шакллантирилиб, “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ билан биргаликда “Шимолий Сўх” ГЁСИ қудуқларида дала тадқиқотларини ўтказиш учун Техник топшириқ ишлаб чиқилган.