Бугун Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Комиссия аьзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишни округ комиссияси раиси Абдисалом Хўжақулов олиб борди.
Унда халқ депутатлари Термиз шаҳри ва туманлар кенгашлари сессияларида кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ комиссиясига номзод сифатида тақдим этилган 860 та референдум участка комиссиялари таркиби муҳокама этилди ва тасдиқланди.
Округ ҳудудидаги референдум ўтказувчи участкалар аъзолигига 9 минг 602 нафар ҳудудда обру-эътиборга эга, референдум тўғрисидаги қонунчиликдан хабардор фаол фуқаро жалб этилмоқда. Уларнинг 7 минг 255 нафари илгари сайловларда иштирок этиб, етарли тажриба тўплаган.

Аъзоларнинг 4 минг 661 нафари халқ таълими, 25 нафари олий таълим, 1 минг 394 нафари бошқа давлат идоралари ва муассасалари ходимларидан иборат. Ўзини ўзи бошқариш органларидан 1 минг 607 нафар, нодавлат нотижорат ва бошқа нодавлат ташкилотлардан 1 минг 912 нафар аъзо референдум ўтказувчи участкаларда фаолият юритади. Уларнинг 210 нафари ҳуқуқшунос, 533 нафари шифокор, 652 нафари муҳандис, 782 нафари иқтисодчи, 5 минг 778 нафари педагог,16 нафари журналист ва 1 минг 631 нафарини бошқа соҳалар вакиллари ташкил этмоқда.
Шунингдек, аъзоларнинг 6 минг 215 нафари олий, 2 минг 948 нафари ўрта махсус, 439 нафари ўрта маълумотга эга. 2 минг 376 нафари рус ва 664 нафари инглиз тилида эркин сўзлаша олади.

–Референдум ўтказувчи комиссиялар таркибини шакллантиришда воҳада истиқомат қиладиган турли миллат вакиллари ва гендер тенгликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди,–дейди Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ комиссияси раиси ўринбосари Расул Тўраев.– Жумладан, аъзоларнинг 8 минг 489 нафари ўзбек, 1 нафари қорақалпоқ, 4 нафари қозоқ, 26 нафари рус, 965 нафари тожик, 2 нафари корейц, 115 нафари бошқа миллат вакилларидир. Комиссияларга жалб этилган 4 минг 144 нафар хотин-қиз (43 фоиз)нинг 243 нафари раис, 263 нафари раис ўринбосари, 311 нафари котиба лавозимида фаолият юритади.
Вилоятдаги референдум ўтказувчи участка комиссиялари биноларида комиссия аъзоларининг миллий қонунчилигимиз доирасида иш юритиши, 30 апрель куни овоз берувчилар ўз хохиш-иродасини эркин ифода этиши учун барча қулай шароит яратилмоқда.

Йиғилишда округ ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири