
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Бандихон туманидаги фаолияти инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини таъминлашдек эзгу ғоялар ижобати билан уйғун кечмоқда.

Республика ишчи гуруҳи ҳамда вилоят 4-сектор раҳбари бошчилигида “Биз сизга бефарқ эмасмиз” шиори остида 30 нафар эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, хонадон эгаларига озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда уларнинг фарзандларига қишги кийимлар топширилди.

Жумладан, ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги 4-секторга бириктирилган “Баҳористон” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир шароитда турмуш кечираётган Феруза Шунқарованинг ҳам хонадонида бўлишди.

Фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари, 4 нафар фарзандига эса қишги кийим кечаклар берилди. Фуқаронинг таъмирталаб 2 хонали уйини таъмирлаб бериш учун қанча қурилиш маҳсулотлари зарурлиги ўрганилди ва шу заҳоти амалий ишларга киришилди.

Шунингдек, тадбир доирасида 4-секторга бириктирилган “Гулбоғ” маҳалласида яшовчи кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли вакиллари учун бепул ош дамланди ва 350 та хонадонга тарқатилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ва 4-сектор раҳбарлари ҳар бир хонадонга кириб, оила аъзолари ҳолидан хабар олиш баробарида эҳтиёжманд оила вакилларига қишги кийим-кечак ва пойабзал ҳам етказиб берилди.


Республика ишчи гуруҳи фаолияти Бандихон туманида давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати