«Толибон» АҚШдан афғон учувчилари Ўзбекистонга олиб ўтган авиатехникани уларга топширишни сўради. Бу ҳақда «Tolo News» хабар берди.

Мазкур авиатехника «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач афғон учувчилари томонидан Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган. Мурожаатда «Ми-17» вертолётлари ҳақида сўз юритилади.
Афғонистон Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Мужоҳидга кўра, вертолётлар Тожикистон ва Ўзбекистонга олиб ўтилган бошқа самолётлар қатори «афғонларнинг мулки»дир.
АҚШ томонидан 16 тагача «Ми-17» транспорт вертолётлари Афғонистон армияси учун сотиб олинган. Бироқ, таъминот амалга оширилгунга қадар Афғонистонда ҳукумат «Толибон» қўлига ўтган.
Ҳозирда АҚШ Тожикистон ва Ўзбекистоннинг қолган Афғонистон авиатехникаси шу давлатларда қолдиришни кўриб чиқмоқда. Статистик маълумотларга кўра, мамлакат парчаланиши даврида Тожикистон ва Ўзбекистонга аввалги ҳукуматнинг 60 дан ортиқ ҳарбий вертолётлари олиб келинган.
Маълумот учун, 2021 йил август ойида «Толибон» Кобулни эгаллаб, президент Ғани мамлакатдан кетганида афғон ҳарбийлари самолёт ва вертолётда Ўзбекистонга қочиб ўтган. Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев Ўзбекистонга собиқ афғон учувчилари томонидан олиб ўтилган самолёт ва вертолётлар «Толибон» ҳаракатига қайтарилмаслигини таъкидлаган.
Эргашевнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳукумати авиатехника учун пул тўлаган ва Афғонистон собиқ ҳукуматига вақтинчалик фойдаланиш учун топширган. Сиёсатчи афғон самолётлари Ўзбекистонга кирган пайт чегарада бўлиб, воқеанинг бевосита иштирокчисига айланганини айтган. Расмий жараён Ўзбекистон суди ҳукмига биноан қарор қилиниши, лекин воситаларни олиб кетиш Америка ихтиёрида эканини айтган.
«Авиатехника суд қарорига асосан озод этилгач, улардан қай мақсадда фойдаланиш АҚШнинг иши», — дейди Афғонистон бўйича махсус вакил.
Эргашев «Толибон» томонидан самолёт ва вертолётларни қайтариш бўйича Ўзбекистонга мурожаат бўлганини тасдиқлаган. Сиёсатчи улар билан учрашиб масалага ойдинлик киритганини айтган.