Кеча, 6 июль куни соат 12:10 ларда Қўрғонтепа туман Юқумли касалликлар шифохонасига фуқаролар кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи ва ич кетиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Беморларга зарурий тиббий муолажалар ўтказилиб, касаллик сабаблари ўрганилганда улар ўтган 5 июль куни туман марказида жойлашган “FRESH FOOD 2020” оилавий корхонасига қарашли овқатланиш шохобчасидан нонбyргер сотиб олиб истемол қилгани маълум бўлди.
Ҳозирда беморларнинг умумий аҳволи қониқарли. Беморларга “Ўткир гастроэнтерит” ташхиси қўйилди.
2022 йил 6 июль 23:00 ҳолатида шифохонага жами 37 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, беморларнинг 17 нафари даволанмоқда, қолган 20 нафари умумий ҳолатига кўра тиббий кузатувга олинди.
Касалликка сабаб бўлган омилларни аниқлаш мақсадида “FRESH FOOD 2020” оилавий корхонасига қарашли овқатланиш шохобчасида эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда. “FRESH FOOD 2020” оилавий корхонасига қарашли 3 та шохобча фаолияти шу кунинг ўзида вақтинчалик тўхтатилди ва маҳсулотлар тайёрлаш хонаси ҳамда омборхонадаги маҳсулотлардан намуналар олиниб Қўрғонтепа туман Санэпидхизмат лабораториясига текшириш учун юборилди.