Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш шароитида хавфсизлигимизга ҳамда ижтимоий-маънавий барқарорлигимизга раҳна солувчи иллатлардан бири бўлган одам савдоси – бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бирига айланди.
Ўзбекистан Республикаси Конституциясининг 13-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Конституциянинг 24-моддасида, “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”, – деб эътироф этилган. Бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жаҳон ҳамжамиятида жиддий ташвиш ва хавотирларни келтирмоқда. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам муддаолари муштарак. Яъни, енгил йўл билан даромад топиш истагида жиноят содир этиш – икки тоифадаги одамларни ҳам ҳалокат домига тортмоқда.
Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.
Сўнгги йилларда чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар аниқланмоқда. Бунга – боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани ва моддий эҳтиёжлари таъминланмаганлиги, турмушга чиқмаган аёллар ҳомиладор экани ҳамда чақалоқни оиласидан яширишга уриниши, фарзанд кўрмаган оилалар томонидан чақалоқ асраб олишга эҳтиёжлар кўплиги ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар сабаб бўлмоқда.
Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш, фуқароларни бу борадаги вазиятдан огоҳ этиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – кечириб бўлмас оғир жиноятдир.
И.Шайманов,
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг раиси