ЎЗБЕКИСТОН

Президент иккита раҳбарга “ҳайфсан” берди, учтасини эса қатъий огоҳлантирди

Танқидий руҳда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида Президент Ш.Мирзиёев 37 триллион сўмлик янги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича 2022-2023 йиллар учун 2,5 мингта лойиҳани ишга тушириш бўйича қабул қилинган дастурнинг аниқ ижросини сўраш вақти келгани таъкидлади.

«Буни ўйламаган, атрофдаги вазиятдан бехабар, сиёсатни тушунмайдиган ҳоким ёки тармоқ раҳбарининг ишлашга ҳаққи йўқ”, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда Фармацевтика агентлиги директорига “ҳайфсан” эълон қилинди. Унинг иккала ўринбосарини ишдан олишга кўрсатма берилди.

Бош вазирга Фармацевтика агентлиги тизими ва фаолиятини тубдан ўзгартириш чораларини кўриш топширилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” раиси вазифасини бажарувчисига “ҳайфсан”, «Иссиқлик электр станциялари» раиси, «Ўзметкомбинат» раиси, «Ўзбекнефтгаз» раисининг биринчи ўринбосарига қатъий огоҳлантириш берилди.

Январь-февраль ойларида “Электрон кооперация” портали орқали 860 миллиард сўмлик 5 мингта шартнома тузилган бўлсада, уларнинг ижроси айрим ҳудудларда бажарилмагани, электрон савдоларда Қорақалпоғистон, Наманган, Сурхондарё ва Хоразмдаги корхоналар улуши 1 фоизни ҳам ташкил қилмаслиги танқид қилинди.

Шунингдек, йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вилоят ҳокимлари билан бирга янги қувватларни жойлаштириш, уларга шароит яратиш ва маҳаллий корхоналар билан кооперацияни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлашга кўрсатма берилди.

“Очиқ айтиш керак, маҳаллий саноатимиз илм ва инновациядан ажраб қолгани сабабли кўплаб корхоналар янги рақобат шароитига мослашиши жуда қийин бўлади”, деди давлатимиз раҳбари.

Шунинг учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ишини тубдан ўзгартириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Вазирлик ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантиришда янги технологиялар ва амалий ечимлар олиб кириш билан шуғулланиши зарур.

Бунда, вазирлик вилоят “лойиҳа гуруҳлари” билан бирга 2022 йилда янги ўзлаштириладиган 644 та маҳсулотнинг (2,6 миллиард долларлик) технологик ечимлари билан шуғулланади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan