Термиз шаҳри ва унинг атрофидаги АГЁҚШларга алоҳида, саноат объектлари учун мўлжалланган тармоқдан газ тортилгани кўпчиликка маълум. Аммо, бизгача етиб келган маълумотларга қараганда, фақат, битта АГЁҚШга ўзгача имтиёз берилган экан.

Мазкур катта тармоққа бемалол уланиб, фойдаланиш “қудрат”ига эга АГЁҚШ Термиз шаҳри А.Навоий кўчаси 63/64 уй манзилида жойлашган “NORALIBEK IMKON BARAKA” МЧЖга тегишли бўлиб чиқди. Айтишларича, илгари бир марта шахобча ўша асосий тармоқдан узилган ва бошқалар сингари саноат корхоналари учун тортилган тизимга уланган. Лекин, шахсан “Узтрансгаз” масъуллари магистрал тармоққа қайта уланишга яна “фатво” берган эмишлар.


(Тадбиркорнинг Олтинсой туманида ҳам АГЁҚШси мавжуд бўлиб, унда ҳам тармоққа уланишда махсус имтиёз қўлланилгани маълум қилиняпти.) Катта тармоққа улангангандан кейин газ босими ҳам юқори бўлиши, табиий. Шахобча шу сабабдан ҳам доимо жуда гавжум. Автомобилларнинг кети узилмайди. Шу ўринда, кўплаб саволлар юзага келмоқда-ки, биз уларга айнан “Узтрансгаз”дан жавоб сўраймиз: Бу АГЁҚШ фаолияти нима сабабдан “Ҳудудгаз” Сурхондарё филиали эмас, балки республика бошқаруви томонидан мувофиқлаштириляпти? Нима учун шахобча саноат объектларига мўлжалланмаган тармоққа уланган, бошқалар эса йўқ? Тизимда монопол мавқега эга ушбу шахобча “имтиёз”га яраша бошқаларга нисбатан кўп миқдорда топаётган даромадини солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттириляптими? “Узтрансгаз” соясидаги, вилоят билан ҳисоблашмайдиган “эркатой” шахобчалар нечта ва мамлакатнинг яна қайси жойларида бор?

Яқиндагина Денов туманидаги “Инденим” савдо мажмуасида газ сизиб чиқиши туфайли юз берган портлаш халқимизни оғир қайғуга ботирган эди. Шахсан президентимиз бу масала ҳамдардлик билдириб, газ тармоқларини хатловда ўтказиш бўйича топшириқ бергандилар. Ўйлаб қарасак, вилоятда бу топшириқ ижроси бўйича масъул ташкилотнинг “қўли калта”лик қиладиган жойлари ҳам бор экан. Юқоридаги масалада Ўзтрансгаз, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва алоқадор ташкилотлардан расмий муносабат кутиб қоламиз.
Каримбек Салимов, журналист