ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Деновлик “ишбилармон” қўлга тушди

Порахўрлик ҳақида гап кетганида Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарида келтирилган ушбу парчани эслашни лозим топдик. Унда “Порани иймонсиз одам иймонсиз одамга беради!..” – дея ростлик остида айтилган аччиқ ҳақиқатидан барчамиз ибрат олсак арзийди.

Дарҳақиқат, коррупция жамият кушандаси. Унинг илдизига болта уришда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари масъулият билан ҳаракат қилишмоқда. Бироқ, фуқаролар ҳам қонунга хилоф тарзда фаолият олиб бормаслиги, адолат мезонларига таянган ҳолда иш юритиши мақсадга мувофиқдир.

Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент бўлими ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Олинган хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлимига шу тумандаги “Қизилжар” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Р. мурожаат қилган. Унда фуқаро отасига тегишли бўлган “Дамас” автомашинасида хужжатларсиз фойдаланиб юргани учун жарима майдончасига қўйилган транспорт воситасини чиқартириб бериш эвазига унга 1 миллион 200 минг сўм “хизмат ҳақи” таклиф қилаётган тумандаги “Ўзгариш” маҳалласида яшовчи фуқаро А.М.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ушбу мурожаатга асосан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Р. А. юқоридаги важ билан А.М.га аввал 300 минг сўм, кейинроқ эса 900 минг сўмни пора сифатида берган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Аниқланишича, “Ўзгариш” маҳалласида яшовчи “ҳожатбарор” фуқаро А.М. мазкур маблағ эвазига ЙПХ инспектори А.М. орқали жарима майдонидаги шахсий “Дамас” автомобилини чиқариб беришини ваъда қилган. Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари соҳа ходимлари билан фаол ҳамкорлик қилиб, ҳар қандай жиноят ҳақида хабар бераётган фуқароларга ўз миннатдорчилигини билдиради. Қачонки, халқ ва идоралар бирлашиб ҳаракат қилишса, кўзланган мақсадларга эришилади.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan