ЎЗБЕКИСТОН

Бугун Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам таваллуд топган кун

Эркин Аъзам – бугунги ўзбек адабиётининг атоқли вакилларидан, ёзувчи, драматург, публицист, таржимон, муҳаррир. Ярим асрлик ижодий фаолияти давомида роман, қисса ва ҳикоялардан иборат ўндан ортиқ китоби, йигирмага яқин экран ҳамда саҳна асари дунё юзини кўрган. 

Асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Сценарийлари асосида суратга олинган бадиий фильмлар халқаро кинофестивалларда юқори баҳоланган, пьесалари республика театрларида муваффақиятли намойиш этилмоқда. У Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист (1998), Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси (2016).

Эркин Аъзам 1950 йил 10 августида Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. Тошкент давлат (ҳозирги Ўзбекистон миллий) университетининг Журналистика факультетини тугатган (1972).

Ўзбекистон радиосида муҳаррир (1972 ‒ 1976), “Гулистон” журналида муҳаррир, адабий котиб (1976 ‒ 1981), “Ёшлик” журналида бўлим мудири (1981 ‒ 1986), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида таҳририят мудири, ижодий гуруҳ раҳбари (1986 ‒ 1992), Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари (1992 ‒ 1994) бўлиб ишлаган. 1994 йилдан ҳозирга қадар “Тафаккур” журнали бош муҳаррири. Бу нашр 1994 йилдан Республика “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик маркази, 1999 йилдан эса Республика Маънавият ва маърифат кенгаши (ҳозирги пайтда унинг раиси ‒ Ш. М. Мирзиёев) муассислигида чоп этиб келиняпти.

1995 ‒ 2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлган. Ўриндошлик асосида бир неча йил мобайнида ҳозирги Ўзбекистон санъат ва маданият институти доценти сифатида талабаларга драматургия сирларидан дарс берган.

Дастлабки ҳикоялар тўплами “Чироқлар ўчмаган кеча” номи билан чиққан (1977). “Отойининг туғилган йили” (1981), “Олам ям-яшил” (1984), “Жавоб” (1986), “Байрамдан бошқа кунлар” (1988), “Пакананинг ошиқ кўнгли” (2001), “Кечикаётган одам” (2002), “Жаннат ўзи қайдадир” (2007), “Шовқин” (2011) каби қисса ва ҳикоялардан иборат китоблари нашр қилинган. Сара публицистик асарлари жамланиб, “Эрталабки хаёллар” (2015) тўпламидан жой олган.

Адабиётшунослигимизда Эркин Аъзам асарлари ўзига хос юмористик баён услуби, кинояли тили, кутилмаган бадиий ечимларга эгалиги билан ажралиб туриши қайд этилган. Ёзувчининг инсонга хос энг чигал жиҳатларни очиқ кўрсатмай, имо-ишора орқали акс эттириши унинг асарлари таъсирчанлигини оширади. Унинг қисса ва ҳикояларида оддий ва тўпори, бошқаларга ўхшамайдиган, дарду ташвишлари, шахсий кечинмалари билан яққол ажралиб турадиган бадиий тимсоллар (образлар) яратилган. Характерлар фалсафасини ёритиш, услубий таранглик, психологик таҳлилнинг кучлилиги, асар сюжетининг шахслар феъл-атвори асосига қурилиши, воқеалар ўртасидаги боғлиқликни тимсоллар, чизги(детал)лар орқали ифодалаш, муаллиф ва персонаж нутқининг яқинлиги, психологизм ва фалсафийликнинг муштараклиги адиб бадиий услубининг етакчи хусусиятлари ҳисобланади.

Адиб сценарийлари асосида кўплаб бадиий фильмлар суратга олинган. “Дилхирож”, “Эркак”, “Паризод” ва бошқа бадиий фильмлар халқ ҳаётини акс эттиришдаги реал тасвири, кескин муаммолар ўртага ташлангани, ёрқин, ўзига хос характерлар яратилгани билан томошабинлар орасида машҳур бўлган.

Эркин Аъзамнинг ҳикоя ва қиссалари инглиз, француз, рус, украин, белорусь, қозоқ, тожик, туркман, грузин, булғор, чех тилларига таржима қилинган. Адибнинг ўзи ҳам бошқа халқлар адиблари асарларини рус тилидан ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.

2014 йили Эркин Аъзам қаламига мансуб “Эртак билан хайрлашув” тўплами Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси шафелигида инглиз ва француз тилларида чоп этилиб, Вашингтон ҳамда Парижда тақдимотлар ўтказилган. Буюк Британиянинг “Hertfordshire Press” нашриёти ёзувчининг “Буюк осий Шайх Санъон ворислари” (“Heirs to the Great Sinner Sheikh San’on”) номли тўпламини инглиз тилида чоп этди.

Эркин Аъзам муборак етмиш ёшини ижодий режаларга тўлиб-тошган ҳолда кутиб оляпти.

Зиёда ҒАФФОРОВА,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори, “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази директори ўринбосари.

Манба: ЎзА

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan