ЖАМИЯТ

Ўзбекистон республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби такомиллаштирилмоқда

Сенаторлар олтинчи ялпи мажлис доирасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилди.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида резерв ва захира офицерларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланди.

Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ягона кўринишга келтиришга, соҳада қўлланиладиган тушунча, атама ва номланишларни бир хил талқин этилиши имконини беради.

Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан кўзланган асосий мақсад:

* ҳарбий хизматга қабул қилиш ва ҳарбий хизматдан бўшатиш мезонларини аниқ белгилаб бериш;

* сержант унвони ўрнига янгидан киритилган I, II, III даражали сержант унвонлари ҳамда кема таркибидаги унвонларда бўлган ўзгаришларни қонун ҳужжатларида акс эттириш;

* Илгари Мудофаа вазирлиги ваколатида бўлган ҳарбий кийим-кечакда юриш тартиб-қоидаларини белгилаш ваколатини куч тузилмалари мавжуд вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг раҳбарларига бериш;

* олий таълим муассасаларида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш ҳарбий тайёргарлик ўқув марказлари ва курсларида олиб борилиши мумкинлигини белгилаш.

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар амалдаги қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш ҳамда қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга замин яратади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг сенаторлар томонидан ушбу Қонун маъқулланди.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan