Uncategorized

«Ҳақиқий севги – Аллоҳ севгиси» рисоласидан парчалар

***

Сукутнинг ҳам бир ибодат эканини, билмадим, орамизда қанча киши биларкин?..  «Сукут ҳам бир ибодатдир», дейдилар Пайғамбар жанобимиз… Сукут сақламоқ осон бир иш эмас! Сукут сақлай олмоқ, гап қайтармаслик – муҳим бир нарса.

***

Севгининг мукаммали – ҳақиқатан севмоқдир, дўст бўлмоқ, фидокорлик қилмоқдир, ҳадялар бермоқ, хизмат қилмоқдир… Қаршингиздаги инсонни яхши кўрмоқ, унга меҳр-муҳаббатни билдирмоқдир. Кейин эса, Ҳақ севгиси, ҳақиқат севгиси, иймон севгиси билан, бу гўзалликларни вайрон қилганларга қарши бир муносабат кўрсатмоқдир. Бу ҳам севги-муҳаббат, бу ҳам севги-муҳаббатнинг исботидир…

***

Демакки, жаннатга кирмоқ учун мўъмин бўлмоқ шарти бор. Мўъмин бўлмоқ учун эса бирбиримизни севмоғимиз, яхши кўрмоғимиз, бир-биримизнинг дардларимиз билан дардланмоғимиз, бир-биримиз билан боғланмоғимиз, кўнгил боғларимизни – алоқалармизни соғлом ва бақувват сақламоқ, бирлик бирдамлигимизни чинакам, ҳақиқий бўлмоғи шарт…

***

Мавлоно (Жалолуддин Румий)нинг «Маснавий»си ишқдир, найнинг навоси ишқдир, Фузулийнинг шеъри ишқдир, Яссавийнинг «Ҳикмат»и ишқдир, Иброҳим Ҳаққийнинг «Маърифатнома»си ишқдир, Юнус Эмронинг «Илоҳий»лари ишқдир, Итрийнинг басталари ишқдир, обиднинг хилвати ишқдир, дарвишнинг зикри ишқдир…

***

Бизнинг усулимиз сабр ва севги усулидир. Машаққати бор, қийинчилиги бор бу йўлнинг… Сабр қиламиз ва хизматимизни суйиб бажарамиз. Бизнинг усулимиз севги, меҳр-муҳаббатдир. Муҳаббат билан жуда кўп эшиклар очилади. Баджаҳллик билан очилмаган жуда кўп эшиклар меҳр-муҳаббат билан очилади. Бизнинг тасаввуф йўлимизнинг усули муҳаббатдир…

***

Нияти холис бўлса, бир мусулмоннинг бутун ҳаёти ибодатдир, ҳатто уйқуси ҳам ибодатдир!.. Уйқуси суннати саниййага уйғун бўлса, уйқуси ризои Борий таолога мувофиқ бўлса, уйқуси яхши бир ниятга таянса, уйқуси ҳам ибодатдир… Емоғи, ичмоғи ҳам ибодатдир, зиёрати ҳам ибодатдир, биродарлиги ҳам ибодатдир. Ўша мумтоз ибодатлар билан бирга булардан ҳам улкан савоблар олади. Ҳар он савоб олади… Нияти билан бир мусулмон ҳар он савоб олади. Бу Исломнинг гўзалликларидан биридир…

Маҳмуд Асъад Жўшон.

 Мирзо Кенжабек таржимаси

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan