ЖАМИЯТ

Сурхондарёда яна 200 нафардан ортиқ фуқарода бу касаллик гумон қилинмоқда

Жорий йилнинг 6 июль куни соат 21.00да  Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов вилоят телевидениеси орқали Сурхондарё вилояти аҳолисига ҳудуддаги мураккаб эпидемиологик вазият тақозоси туфайли яна бир бора мурожаат билан чиқди.

Мурожаатда: – “…ҳозирги кунда ҳудудларимизда коронавирус инфекциясига чалинганлар аҳоли орасидан ҳам чиқа бошлади. Энг ёмони бу касаллик аҳоли вакиллари, нодавлат ташкилотлари билан бирга, давлат ташкилотлари ишчи-ходимлари орасида ҳам учраяпти”- дейилди.

Келтириб ўтилишича, вилоятда жорий йилнинг 3 июль ҳолатида жами 177 нафар бемор аниқланган, улардан 104 нафари даволанишда, 71 нафари касалликдан тузалган.

Юқоридаги ҳолатларнинг 44 таси жорий йилнинг 7 апрелидан 23 майи кунигача маълум бўлган ва 1 нафар бемор вафот этган. 43 нафари тўлиқ тузалгач уйларига кузатилган бўлса, жорий йилнинг 9 июнидан ҳозирги кунгача 133 нафар беморлар  аниқланган. 2-бемор деновлик фуқаро касалликка чалиниб уйида даволанишга ҳаракат қилган. Лекин, касаллик зўрайиб, барча тиббий чоралар кўрилишига қарамай бемор вафот этган.

Касалланганларнинг асосий қисми яъни 56 нафари Термиз шаҳри, 24 нафари Термиз тумани, 14 нафари Жарқўрғон тумани, 6 нафари Шўрчи тумани, 4 нафари Ангор тумани, 4 нафари Денов тумани, 2 нафари Бойсун тумани, 3 нафари Музработ тумани, 2 нафари Олтинсой тумани, 2 нафари Сариосиё тумани, 3 нафари Қўмқўрғон туманида яшовчи фуқароларда ҳамда 57 нафар бошқа вилоятлардан келган фуқароларда қайд этилгани маълум қилинди.

Инфекцияга чалиниш ҳолатларининг 44 таси Москва шаҳридан чартер рейсда олиб келинганлар ва чет мамлакатлардан юк олиб келган ҳайдовчилар орасида, 133 та ҳолат эса вилоят аҳолиси орасидан аниқланган.

Вилоятда қайд қилинган 133 нафар беморларнинг 25 нафари битта касаллик манбаси “Сурхондарё” минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати ДУК ходимидан олгани, иккинчи ҳолатда Жарқўрғон тумани фуқароси Тошкент шаҳрида қурилишда ишлаб касалликни юқтириб олган ва у билан мулоқотда бўлган 7 кишида касаллик аниқланган.

Шунингдек, Бойсун туманидаги “Халқ банки” ходими Тошкент шаҳрига онасини даволатишга олиб борганда, “Ўрикзор” бозорида касаликни юқтириб олган ва у билан мулоқотда бўлган 1 нафар  фуқарода касаллик аниқланган.

Ҳозирги кунда вилоятда шулар билан боғлиқ 7140 нафар фуқаро карантинга олинган.

Уларнинг 480 нафари тиббиёт муассасаларида, 647 нафари сиҳатгоҳ ва махсус бинолар ҳамда 6013 нафари ўз уйларида кузатувда бўлиб туришибди.

Вилоят ҳокими, мазкур касаллик беморлар ва улар билан мулоқотда бўлганларни даволаётган тиббиёт ходимларида ҳам аниқлангани ҳамда таҳлиллар натижасига кўра, ҳозирги кунда яна 200 нафардан ортиқ фуқарода бу касаллик гумон қилинаётганини таъкидлаб ўтди.

“Энг ёмони”-дея қайд этди ҳоким- “фуқароларимиз касалликни айнан қаердан, қай йўсинда юқтирганлигини аниқлай олмаябмиз, касалликнинг манбаини топа олмаябмиз.”

Мурожаатда шунингдек куни-кеча Термиз шаҳридаги бир нечта ташкилот ва бошқармалар, савдо ва умумий овқатланиш шаҳобчаларида карантин талабларига риоя этилишини ўрганиш натижалари ҳам келтириб ўтилди.

Жумладан, “Термиз шаҳрининг деярли барча аҳолиси борадиган “Яшил дунё” деҳқон бозорида аксарият сотувчилар қўлқопларсиз, харидорлар билан ўртага плёнка тутмаган ҳолда ишлаётганлиги ҳамда гушт расталарида ҳам карантин қоидаларига риоя этилиши ўта ачинарли аҳволда эканлиги маълум бўлди”-дейилди мурожаатда.

Бундан ташқари, “Сурхон нафаси-Бўка агро” МЧЖ қурилиш ташкилоти, Термиз шаҳридаги Деҳқон бозори (фестивальний),         Бақтрия буюм бозори, Термиз шаҳар Халқ таълим бўлимида, “AMUDAR TEXTEL” МЧЖ қўшма корхонаси, вилоят “Сувоқова” ДУК корхонасида, вилоят “Автомобил йўллари” ҳудудий бошқармасида, “Термиз Қурилиш Моллари” МЧЖ (қурилиш моллари бозори)да карантин талаблари тўғри йўлга қўйилмаётганлиги аниқланган.

Вилоят ҳокими ўз мурожаатини “Бу ишларни амалга оширишимиз учун эса, сизлар ҳам бизга жуда катта ёрдам берасиз, мен бунга ишонаман.

Карантин талабларига риоя этинг, азиз воҳадошлар, бу билан ўзингиз ва оила аъзоларингиз, яқинларингизни эҳтиёт қиласиз!” деган фикрлар билан якунлаган. (Мурожаатнинг тўлиқ видео кўриниши @tvsurxon каналида)

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan