Жорий йилнинг 26 август куни Россиянинг Красноярск ўлкаси, Курагинский туманидаги конда 30 ёшли ўзбекистонлик эркакни тоғ массаси босиб қолди. Эркак ҳодиса оқибатида вафот этган. Бу ҳақда Красноярск ўлкаси прокуратураси хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 30 ёшли Ўзбекистон фуқароси меҳнат патенти асосида “Артёмовский рудник” АЖ конида ишлаган. У тоғ жинсларини кейинчалик мустаҳкамлаш учун бурғулаш ишларини олиб борган. Шу пайтда тоғ массаси қулаб тушган. Ишчи қулаб тушган жинслар остида қолиб, олган жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.Бахтсиз ҳодиса юз берган вақтда кон одатдаги режимда ишлаган ва ер остида 48 киши бўлган. Бошқа ҳеч ким жароҳат олмаган. Ҳозирда авария юз берган ҳудудда хавфсизлик постлари ўрнатилган.
Қайд этилишича, прокуратура меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги бўйича қонунларга риоя этилиши юзасидан иш берувчининг устидан текширув ўтказади. Жараёнга мамлакат Меҳнат инспекцияси ва Ростехназорат мутахассислари жалб қилинган. Жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Маълумот учун, “Артёмовский рудник” кони қимматбаҳо металлар қазиб олиш билан шуғулланади.