ҚИЗИҚАРЛИ МАДАНИЯТ ТУРИЗМ

Болаликтепа – илк ўрта асрларга мансуб деҳқон қароргоҳи

V-VII асрларга мансуб катта ер эгаси (деҳқон) кўшки-қароргоҳи. Тошкент-Термиз автомобиль йўлидан 2 км шимоли-шарқда жойлашган. Ватанимиз ҳудудидаги жаҳонга машҳур археологик ёдгорликларидан бири. Болаликтепа илк бора 1953-1956 йилларда тўлиқ ўрганилган.

V асрнинг охири, VI асрнинг бошида ҳовли вазифасини ўтаган бинонинг марказий қисми қабул залларидан бирида базм маросимларига бағишланган деворий суратлар топилган.

VII аср бошида кўшк соҳиблари уни батамом тарк этадилар. Болаликтепа хоналарининг баъзи бирларидан XV асрда ҳам фойдаланилган.

Мазкур ёдгорликнинг деворларида илк ўрта асрлар даврига оид 47 та одам қиёфаси тасвирланган. Расмларда аслзодаларнинг зиёфат базми диний ва дунёвий мазмунда акс эттирилган.

Маълумки,  қўл ва бармоқлар ҳолатлари билан тасвирий санъатда маросим ва базмлардаги шахсларнинг ҳаёлий кечинмалари ҳам берилган. Болаликтепа суратларида одамларнинг либослари, тақинчоқлари, елпиғичлар, қўлларида ушлаб турган қадаҳлар юксак маҳорат билан чизилган.

Турли рангдаги яктак-камзуллар учбурчак ўнг қайрилма ёқали бўлиб, ранглар тиниқлигига кўра, у ипак матодан тикилган. Матолар уч ва тўрт япроқли, ҳандасавий ёки зооморф шаклдаги нақшлар билан безатилган. Қулоқ, бўйин тақинчоқлар, ҳатто қўлда ушлаб турилган қадаҳлар зарҳал рангда тасвирланган. Бу уларни олтиндан ясалганлигини билдиради.  Расмларда одамларнинг тасвири ҳам юксак маҳорат билан чизилган. Уларнинг юз кўриниши ва этник тузилиши уларни туркий қиёфадаги маҳаллий аҳоли – тохарлар деб қарашимизга асос бўлади.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan