
Сўнгги йилларда
мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш,
хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга
нисбатан зўравонликни олдини олиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан
бирига айланган.
Оилавий (маиший) зўравонлик деганда, оила аъзосининг бошқа оила аъзосига нисбатан унинг ҳуқуқларини, эркинликларини, қонуний манфаатларини бузадиган, жисмоний ва (ёки) руҳий азоб уқубатларга олиб келадиган, унинг ҳуқуқларини чеклайдиган, баданга шикаст етказилишига сабаб бўладиган қасддан содир этиладиган жисмоний, руҳий, иқтисодий ёки жинсий характердаги хатти-ҳаракатни содир этилиши тушунилиши лозим.
Фикримизни бир воқеа тафсилотига қаратсак.
Ангор туманида яшовчи Санобар Алиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган)2025 йил 26 июль куни тумандаги “Гулзор” махалласидаги яшаш уйида овсуни Ноила Жабборова билан олдиндан давом этиб келаётган мулкий низо юзасида ўзаро жанжаллашиб қолишади. Шу вақтда Санобар овсуни Ноилани қасддан уриб, унга енгил тан жароҳати етказган. Ўз навбатида Ноила эса овсуни бўлган Санобарни ҳақорат қилган.
Суриштирув органи томонидан Санобар Алиевага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси 2-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан, Ноила Жабборовага эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шунингдек, суд-тиббий экспертизасининг тегишли хулосасига кўра, Ноила Жабборовага енгил тан жароҳати етказилганлиги аниқланган.
Суд мажлисида Санобар Алиева айбига иқрорлик
билдириб,
2025 йил 26 июль куни яшаш уйида овсуни Ноила Жабборова билан олдиндан давом
этиб келаётган мулкий низо юзасидан ўзаро жанжаллашганлиги, уни қўли билан
урганлиги, овсуни Ноила билан бир ҳовлида яшаса-да, улар алоҳида рўзғор юритишлиги,
ҳозирда улар ярашмаслиги ва Ноила Жабборовага нисбатан қонуний чора кўришни
сўраган.
Ноила Жабборова ҳам суд мажлисида ҳам айбига
иқрорлик билдириб,
2025 йил 26 июль куни яшаш уйида овсуни Санобар Алиева билан ўзаро
жанжаллашганлиги, овсуни Санобар уни қўли билан урганлиги, сочини юлиб
олганлиги сабабли ўзи ҳам уни ҳақорат қилганлиги, овсуни Санобар билан бир
ҳовлида яшаса-да, улар алоҳида-алоҳида рўзғор юритишини баён этиб, ҳозирда улар
ярашмаслиги ва Санобар Алиевага нисбатан қонуний чора кўришни сўради.
Суриштирув органи томонидан Санобар Алиеваванинг
маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг
592-моддаси 2-қисми билан, Ноила Жабборованинг маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатини Маъмурий
жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг
592-моддаси 1-қисми билан квалифация қилиб, хатоликка йўл қўйган.
Чунки, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси 1-қисмида хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга соғлигининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, шу каби ушбу модданинг 2-қисмида бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.
Суд мажлисида аниқланишича, ҳуқуқбузарлар овсунлар бўлса-да, улар алоҳида-алоҳида рўзғор юритиб келиб, ўзаро жанжаллашиб, Санобар Алиева овсуни Ноила Жабборовага енгил тан жароҳати етказган. Бир вақтнинг ўзида Ноила Жабборова эса Санобар Алиевани ҳақорат қилиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган.
Суд, иш материаллари ва суд мажлисида аниқланган ҳолатларга кўра ҳуқуқбузар Санобар Алиеванинг маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси 2-қисмидан ушбу кодекснинг 52-моддаси 2-қисмига қайта квалификация қилиб, шу каби Ноила Жабборованинг маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси 1-қисмидан ушбу кодекснинг 41-моддасига қайта квалификация қилиб, ҳар икки ҳуқуқбузарга ҳам жарима жазоси тайинланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур ишлар юзасидан суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб бориш ваколатига эга органлар ҳамда судларнинг эътиборини ушбу тоифадаги ишларнинг аҳамиятига қаратиш муҳим аҳамият касб этади.
Хадича Рахимова,
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди тергов судьяси