
Парламент Қуйи палатасида бўлиб ўтган мажлисда Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Ҳукуматнинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини жорий йил 1-ярим йилликдаги ижроси тўғрисида ҳисобот берди.
Вазирнинг маълум қилишича, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,2 фоизга ошган. Ялпи ички маҳсулот таркибида бозор хизматлари 8,2 фоизга, саноат ишлаб чиқариш 6,6 фоизга, қурилиш ишлари 10,7 фоизга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 4 фоизга ошди.
Ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмга етиб, 27,8 фоизга кўпайган. Давлат бюджетининг харажатлари ҳисобот даврида 173,3 трлн сўмни ташкил этиб, 16,4 фоизга ўсган. Шундан, ижтимоий соҳаларга йўналтирилган маблағ 86,2 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган ойнинг шу даврига нисбатан 16,4 фоизга кўп. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 14,7 трлн сўм субсидиялар ажратилган.
«Давлат дастурининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш борасида белгиланган устувор йўналишлари доирасида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 77 фоизга, мактабга тайёрлов тизимида қамров 96 фоизга етказилди», – деди Қўчқоров.
Ҳисобот даврида «Ёшлар дафтари» орқали ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 121,8 млрд сўм маблағ ажратилган.
4 377 нафар ёшлар илм-фан, замонавий касбларга ўқитилган, 934 нафарининг бандлиги таъминланган. Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ишсизликни камайтириш мақсадида «Ёшлар бандлик дастурлари» тасдиқланган.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш йўналишида 156 290 нафар хотин-қизлар тадбиркорлик ва касб-хунарга ўқитилган, 1 771 нафарининг уй-жойини яхшилаш чоралари кўрилган, 99 нафари уй-жой билан таъминланган.