
Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси раҳбарияти томонидан кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилаётган навбатдаги очиқ мулоқот Қизириқ туманида бўлиб ўтди.
Мазкур туман ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитига кўра 5-тоифадаги ҳудудлар таркибига киритилган бўлиб, бугунги кунда туманда 1500 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.
Учрашув давомида қизириқлик тадбиркорлар ўтган йил давомида 44 млрд 88 млн сўм, жорий йилнинг I чорагида салкам 15 млрд сўм миқдордаги солиқ имтиёзларидан фойдалаганлиги таъкидланиб, амалдаги имтиёзлар ҳамда солиқ қонунчилигига оид янгиликлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Мулоқот давомида тадбиркорларнинг сув солиғи, кадастр ҳужжати бўлмаган ер майдонларига солиқ ҳисоблаш тартиби, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳамда ҚҚСни қайтариш масалалари билан боғлиқ мурожаатлари тингланиб, аксарияти жойида ҳал этилди. Қўшимча вақт ва ўрганишни талаб этувчи мурожаатлар бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.