Шунингдек агентлик Ўзбекистон фуқароси хорижда вафот этган бўлса, Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобига юртга олиб келинишини эслатиб ўтди.

Миграция агентлигининг хабар беришича, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда хорижда ишлаб юрган ва афсуски вафот этган ватандошларимизнинг жасадларини юртимизга олиб келиш учун блогерлар, турли шахслар пластик карта рақамларини чиқариб, пул йиғиш акцияларини ўтказаётгани кузатилмоқда.
Айрим ҳолатларда эски ёки нотўғри маълумотлар асосида одамларнинг ҳис-туйғуларидан фойдаланиб, фирибгарлик қилувчи шахслар кўпаймоқда. Уларнинг тарқатаётган маълумотлари орқали юртдошларимиз алданиб, пластик карталарга пул ўтказиб беришмоқда.
Бу каби хабарларни кўрсангиз, ҳеч қандай пул ўтказманг. Бу вазиятда қонуний ва ишончли йўл — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигига мурожаат қилишдир, — дея огоҳлантирмоқда агентлик.