ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Покистоннинг Лахор шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамда мамлакатимиз тадбиркорларидан иборат делегация 27-29 май кунлари Покистонда бўлди.

«Дунё» ААнинг хабар беришича, ташриф доирасида 29 май куни мамлакатимиз делегация вакиллари Лаҳор шаҳрида бўлди ва Лахор Савдо-саноат палатаси, Умумпокистон тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари уюшмаси, тўқимачилик, тери ва жунни қайта ишлаш компаниялари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Хусусан, «Taba Group» холдинги таркибига кирувчи «Yunus Textile Mills» компанияси билан уй тўқимачилиги йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Покистон компанияси Ўзбекистондаги кам қувватда ишлаётган ёки фаолиятини тўхтатган корхоналар базасида қўшма лойиҳаларни оширишдан манфаатдорлигини билдирди. Учрашув якунида томонлар ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

«Sapphire» компанияси раҳбарияти билан эса Ўзбекистонда кичик ёшдаги болалар учун кийим-кечак ишлаб чиқариш, ип-калава ва пахта чиқиндиларини импорт қилиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Шунингдек, Лаҳор Савдо-саноат палатасида 50 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари билан давра суҳбати ўтказилди. Йиғилганларга Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти, ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар, эркин иқтисодий зоналар, экспортбоп маҳсулотлар бўйича батафсил маълумот берилди.

Палата раиси Миан Абузар Шад билан кечган мулоқот натижасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, экспортни диверсификация қилиш, биргаликда тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, тиббиёт анжомларини ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Умумпокистон тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари уюшмаси билан ўтказилган учрашувда мамлакатимиздаги тўқимачилик соҳасида кам қувватда ишлаётган корхоналарни покистонлик ҳамкорларга бошқарувга бериш ва учинчи мамлакатлар бозорларига экспортни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Уюшма раҳбари тўқимачилик соҳасида ўзбекистонлик ҳамкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилиб, жорий йил июль ойида Ўзбекистон корхоналари билан танишиш учун мамлакатимизга келиш истагида эканлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси иштирокида Лаҳор шаҳрида «Ўзбекистон савдо уйи»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Лаҳор шаҳри маъмурияти, йирик ишбилармон доира вакиллари, маҳаллий савдо-саноат палатаси аъзолари иштирок этди. Маросим иштирокчиларига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари, мамлакатимиздаги инвестициявий муҳит, хорижий инвесторлар учун яратилган ноёб имтиёз ва қулайликлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Покистоннинг етакчи «Diner’s Group» компанияси ўртасида биргаликда «Ўзбекистон савдо уйини» фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шунингдек, тери ва чармдан маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Dada Group» компанияси билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистонда қўй, эчки ва қорамол терисини қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро манфаатли қўшма лойиҳалар бўйича кейинги қадамларни белгилаш мақсадида тез орада компания делегациясининг Ўзбекистонга сафарини амалга оширишга келишилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan