Фарзанди таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаган ота қонун олдида жавоб беради

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг биносида очиқ суд мажлисида вояга етмаган фарзандлари учун алиментни тўлашдан бўйин товлаган Н.Б.Т (исм,шарифи ўзгартирилган)га нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.
Иш ҳужжатлари таҳлил қилинганда, қарздор Н.Б.Т. Давлат ижрочиси томонидан алимент қарздорлигини тўлаш ҳақида тушунтириш берилгани ва бир неча бор ёзма огоҳлантиришларига қарамасдан, алимент пулларини тўлашни пайсалга солиб, 9.809.582 сўм алимент қарзларини тўламасдан бош тортиб алимент тўловидан қочиб юрганлиги аниқланди.
Улардан бири, Термиз шаҳар Термиз шаҳар, “Наврўз” маҳалласи, Пахтакор кўчаси, 15-уйда яшовчи қарздор Н.Б.Т. (исм, шарифи ўзгартирилган) бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2016 йил 10 июндаги буйруғига кўра, ундирувчи Ю.Р.С фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун 1/3 қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлиб, қарздор Н.Б.Т. 2024 йил 1 ноябрдан 2025 йил 1 мартгача бўлган давр мабойнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган икки нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун 9.809.582 сўмлик алимент тўловини тўлашдан бўйин товлаган.
Суд мажлисида фарзандлари олдидаги масъулиятини эсидан чиқариб, оталик бурчини унутган ҳуқуқбузар Н.Б.Т суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Конституциямизнинг 77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги қайд қилинган.
— Оила кодексининг 96-моддаси талабига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Шундай экан, ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда оилада соғлом муҳит яратишга масъул эканлигинини унутмаслиги керак.
Албатта, панжара ортига йўл олган, ўз дилбанди моддий таъминотига бефарқ оталар учун 15 суткалик муддат чуқур ўйлашга ва қарздорликни бартараф этиш ҳақида бош қотиришга етарлидир.
Икром Шайманов, Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг тергов судьяси