Сурхондарё вилояти ва Россиянинг Новосибирск вилояти ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилади

Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров Новосибирск вилояти губернатори Андрей Травников билан учрашди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.
Унда, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ва Мьянма консуллик идоралари раҳбарлари ва бошқалар қатнашди.
Губернатор Андрей Травников Новосибирскда дипломатик ваколатхоналари фаолият юритаётган давлатлар билан икки томонлама муносабатлар, айниқса, иқтисодиёт, маданият, таълим каби соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Новосибирск вилояти раҳбари Россиянинг ушбу ҳудуди Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди.
Учрашувда Марказий Осиё давлатлари билан 2025 йилга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режалар хусусида фикр алмашилди.
Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров Сурхондарё ва Новосибирск вилоятлари ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликнинг ҳолати ва жорий йилга мўлжалланган истиқболли режалар ҳақида маълумот берди.
Ҳудудлараро савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим натижаларидан бири сифатида Новосибирскда янги Осиё-Сибир улгуржи ва тарқатиш савдо марказининг тақдимоти ўтказилгани қайд этилди.
Новосибирск вилояти губернаторининг ўтган йили сентябрь ойида Ўзбекистонга бўлиб ўтган сафари якунлари бўйича имзоланган 2025-2026 йилларда Сурхондарё вилояти билан ҳар томонлама шерикликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» бандларини тўлиқ амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди.