
Ҳаётда ҳар бир нарсанинг тартиб-қоидаси бор. Зотан, ҳамма бирдек амал қилиши талаб этиладиган қонунларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиш тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради.
Шу ўринда фикримизни судда муҳокама қилинган бир жиноят иши мисолида давом эттирадиган бўлсак, Жўра Собиров (исм-фамилялар ўзгартирилган) ўзининг ИСУЗУ русумли юк автомашинасига аукцион савдолари орқали сотиб олган давлат рақамини қўйиш учун Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтихон олиш бўлими бошлиғига мурожаат қилиб, автомашинасига ноқонуний равишда ўрнатилган 2 дона газ балонларини ечиб ташламаслик ҳамда тегишли рухсатномаси бўлмасада, ушбу газ балонларини транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасига акс эттиришни илтимос қилиб, эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, бевосита бўлим бошлиғига 200 АҚШ долларини пора сифатида таклиф қилади.
Жўранинг бу қилмиши жиноят эканини билган бўлим бошлиғи тегишли тартибда билдирги асосида ўз раҳбариятига маълум қилгач, 2024 йил 24 июль куни соат 12:45 ларда қахрамонимиз Жўра Собиров ушбу 200 АҚШ долларини пора сифатида ходимга берган вақтида, тезкор қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланади…
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланиб, қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Ангор туман судига тақдим этилди.
Ўтказилган очиқ судда Жўра Собиров қилмишига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканлигини билдириб суддан ўзига енгиллик беришни сўради.
Жиноят ишлари бўйича Ангор тумани суди томонидан унга нисбатан қонуний жазо тайинланди.
Мухтасар қилиб айтганда, халқимиз «Қийшиқ арава йўл бузар» деб бежизга
айтмаган. Жўра Собировнинг қилмиши ушбу нақлни эслатади.
У ўзини эл орасида уятга қўйди. Унинг ўтмаган таклифи – пора бериб, иш
битиришга уриниши яхшиликка олиб бормади.
АББОС ХОЛМУМИНОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Ангор туман суди раиси