
Сурияда ўтиш даври президенти этиб сайланган Аҳмад аш-Шароа халққа қилган илк мурожаатида мамлакат ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва янги ҳукуматни шакллантириш устида иш олиб борилаётганини эълон қилди.
Аҳмад аш-Шароа янги ҳукумат барча сурияликлар, жумладан, аёллар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишини таъкидлади. Шунингдек, у ҳукуматнинг асосий мақсадларидан бири коррупция ва порахўрликдан холи давлат институтларини яратиш эканини билдирди.
“Биз олдинда турган устувор вазифаларга эътибор қаратамиз. Улар қаторида мамлакат ҳудудий яхлитлигини тиклаш, бутун Сурияни ягона ҳокимият остида бирлаштириш ва давлат бошқарувини мустаҳкамлаш асосий ўрин тутади,” — деди аш-Шароа.
Асад ҳокимиятдан кетиши ва Россия билан келишувнинг бекор қилиниши
2024 йил 8 декабрда “Ҳайъат Таҳрир аш-Шам” гуруҳи Сурияда ҳокимиятни қўлга олди. Шу воқеалардан сўнг, Сурия президенти Башар Асад истеъфога чиқди ва оиласи билан Россияга қочди. Москва унга сиёсий бошпана берди.
2025 йил 22 январда янги Сурия ҳукумати Россия билан Тартус порти бўйича имзоланган келишувни бекор қилди.