
Покистон ва Афғонистон чегарасида бир ҳафтадан ортиқ вақт давомида қуролли тўқнашувлар содир бўлмоқда. Бу ҳақда “Bild” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, 24 декабрда Покистон ҳаво ҳужумлари оқибатида Афғонистоннинг шарқида камида 46 киши ҳалок бўлган. Афғонистон расмийларининг сўзларига кўра, 46 қурбоннинг катта қисмини аёллар ва болалар ташкил қилади. Покистон томони ҳужумларда “террорчилар бошпаналари” нишонга олинганини айтмоқда.
Бунга жавобан Афғонистоннинг “Толибон” муваққат ҳукумати чегарага ҳарбий техника ва 15 минг аскарни жойлаштирган. Шундан сўнг афғонлар баҳсли чегарада Покистоннинг бир нечта позицияларига ҳужум қилган. У ерда тўқнашувлар давом этмоқда.
“Толибон” вакиллари Британиянинг “Telegraph” газетасига берган интервьюсида можаронинг ҳар қандай кескинлашувига тайёр эканини айтган.
“Уларда ядро бомбаси борми-йўқми, бизни қизиқтирмайди”, дейди “Толибон” вакили.
Покистон раҳбарлари эса “Толибон”ни покистонлик жангариларга бошпана берганликда айбламоқда. Гап биринчи навбатда “Tehrik-e Taliban Pakistan” (TTP) гуруҳи ҳақида бормоқда. TTP гуруҳи Покистонда вайронагарчиликлар келтириб чиқармоқда. Биргина 2024 йилда улар томонидан Покистон хавфсизлик кучларига 444 та ҳужум уюштирилган, камида 685 киши ҳалок бўлган.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг сўнгги ҳисоботига кўра, TTP’нинг 6,5 минг жангариси Афғонистонда яширинган.
“Толибан” TTP’ни террорчи гуруҳ деб ҳисобламайди”, дейилади ҳисобда.