
Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Хитойнинг Гонгконг махсус маъмурий ҳудуди ҳукуматининг Пекиндаги ваколатхонаси вакиллари билан музокара ўтказди.
Ваколатхонанинг Иммиграция ишлари бўйича раҳбари Вонг Вей-ки Ксариер билан консуллик – ҳуқуқий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликка оид масалалар, Ҳонгконг махсус маъмурий ҳудудида мавжуд миграция қоидалари, хусусан икки томонлама сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш бўйича истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида, шунингдек, Гонгконг махсус маъмурий ҳудудининг виза сиёсати, томонлар фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистон ва Гонгконг ўртасидаги соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда хитойликлар, шу жумладан, Хитойнинг махсус маъмурий ҳудудлари – Гонгконг ва Макао фуқаролари учун 10 кунгача визасиз режим амал қилиб келаётгани таъкидланди. Шунингдек, жорий йил 1 декабрь куни Ченду шаҳрида «Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида»ги битим имзоланганлиги маълум қилинди. Ҳозирда мазкур ҳужжат кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички ҳуқуқий протседураларидан ўтказилаётганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томони ўз фуқаролари учун Гонгконг махсус маъмурий ҳудуди билан виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисида келишувга эришишни мақсад қилгани билдирилди.
«Гонгконг томони ҳам Ўзбекистон билан барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, амалий натижадорликни ошириш, хусусан, ўзаро фуқаролар алмашинувини кенгайтириш ва туризм соҳасини изчил ривожлантиришдан бирдек манфаатдор», деди у.
Соҳага оид олдинда турган масалаларни биргаликда ҳал этиш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.