
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров “Сукунат тўғрисида”ги Қирғизистон Республикаси қонунини имзолади. Бу ҳақа Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу қонун фуқаролар саломатлигини товуш босими ва шовқиннинг рухсат этилган даражадан ошиб кетишининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.
“Мазкур қонун ушбу қонуннинг 1-моддаси 1-қисмига мувофиқ аҳолининг сукунат ва дам олиш вақтини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади”, дейилади хабарда.
Шундай қилиб, ушбу қонунга мувофиқ, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини бузишдан муҳофаза қилиниши керак бўлган объектлар (бинолар) ва ҳудудлар рўйхати ишлаб чиқилади, белгиланган товуш босими ва шовқин даражасидан ошиб кетишига йўл қўйилмайдиган вақт жадвали (иш кунлари – 22:00 дан 07:00 гача, дам олиш ва байрам кунлари – 22:00 дан 09:00 гача) жорий этилади.
Қолаверса, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини бузадиган хатти-ҳаракатлар:
– телевизорлар, радиоприёмниклар ва бошқа товушни қайта ишлаб чиқарувчи қурилмалардан, шунингдек, товуш босими ва шовқиннинг рухсат этилган даражадан ошиб кетадиган, шу жумладан автотранспорт воситаларида, савдо-сотиқ объектларида, кўнгилочар масканларда ҳамда умумий овқатланиш биноларида ўрнатилган товушни кучайтирувчи қурилмалардан фойдаланиш;
– мусиқа асбобларини чалиш, ҳуштак чалиш, қўшиқ айтиш, шунингдек товуш босими ва шовқиннинг рухсат этилган даражадан ошиб кетадиган товушлар билан бирга келадиган бошқа ҳаракатлар;
– қоидабузарлар томонидан ишга туширилган қўриқлаш сигнализациясининг овозли сигналларини, автотранспорт сигнализациясини ўчириш чораларини ўз вақтида кўрмаслик, овозли сигналлардан заруратсиз фойдаланиш ёки транспорт воситасидан фойдаланган ҳолда бошқа шовқин эффектини яратиш, дам олиш вақтида сукунатнинг бузилишига олиб келади;
– пиротехника воситаларидан фойдаланиш;
– таъмирлаш, тушириш, тозалаш ва бошқа турдаги ишларни бажариш, одамларнинг дам олиш вақтида тичликнинг бузилишига олиб келадиган механик воситалар ва техник воситаларни ишлатиш;
– белгиланган вақтда қўриқланиши керак бўлган ҳудудлар ва биноларда фуқаролар тинчлиги ва осойишталиги бузилишига олиб келган бошқа ҳаракатлар тўлиқ тақиқланади.