ХАБАРЛАР

Гренландия музликлари остида АҚШнинг махфий ҳарбий базаси топилди

NASA космик агентлиги ходимлари Гренландия оролининг муз қатламлари остида Совуқ уруш даврига оид АҚШнинг ташлаб кетилган ҳарбий базасини аниқлади. Бу ҳақда “New York Post” нашри хабар берди.

“NASA олимлари Гренландия музлари остида, тахминан 30 метр чуқурликда яшириниб ётган ерости шаҳарчасини топди”, дейилади хабарда.

Нашрга кўра, тадқиқотчилар қурилма муз қатлами остида инсон томонидан барпо этилган иншоотларни аниқлаганида ҳайратга тушган ва дастлаб бу топилманинг моҳиятини тушунмаган. Базанинг лойиҳаси “муз остидаги шаҳар” шаклида бўлиб, кўплаб туннель тизимларини ўз ичига олган.

АҚШнинг Колорадо штатидаги Атроф-муҳит фанлари бўйича Қўшма тадқиқотлар институти (CIRES) маълумотларига кўра, Camp Century деб номланган база 1959 йилда қурилган. Унинг расмий мақсади Арктикада қурилиш технологияларини синовдан ўтказиш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш бўлган. Аммо бу база аслида Совуқ уруш даврида Арктикадан ядро ракеталарини учириш имкониятини текшириш учун мўлжалланган махфий объект сифатида хизмат қилган.

Ядро реактори ёрдамида ишлаган ушбу база 200 нафар аскарни сиғдира олган. 1967 йилда база ташлаб кетилган, чунки ракеталарни учириш бўйича дастур Қўшма штаб қўмитаси бошлиқлари томонидан рад этилган. АҚШ объектдан ядро реактори камерасини олиб чиқиб кетган бўлса-да, қолган барча инфратузилма ва чиқиндилар ўз ҳолича қолдирилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan