СИЁСАТ

Автобуслар ҳаракатига рухсат берилди

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг навбатдаги ахбороти эълон қилинди.

Унга кўра, «яшил» ҳудудларда жойлашган санаторий, пансионат, болалар оромгоҳлари ва бошқа дам олиш масканларига фуқароларни марказлаштирилган тартибда ташиш учун вилоятлараро автобуслар, шу жумладан туристик ташкилотлар автобуслари қатновини йўлга қўйишга рухсат берилди.

Бунда:

  • автобусларда ҳайдовчи ва йўловчилар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши лозимлиги, шунингдек, уларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда уларнинг автобус салонига чиқарилмаслиги;
  • автобуслар вилоятларо қатновларда «қизил» ҳудудларда тўхтамаган ҳолда ҳаракатланади;
  • автобуслар доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади;
  • автобусларда ҳаракатланаётган йўловчиларнинг рейслар кесимидаги рўйхати (базаси) юритилади.

Шунингдек, шахсий автотранспорт воситаларининг вилоятлараро ҳаракатланишига йўл қўйилмаслиги (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно) талаби устидан қатъий назорат ўрнатиш белгиланди.

Қуйидагилар жорий йилнинг 1 сентябрига қадар узайтирилди:

  1. хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган виза муддатлари;
  2. муайян муддатга визасиз ва электрон виза билан кириш ҳуқуқига эга хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш муддати;
  3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиб, 2020 йил ҳисобидан қайтариб олиб чиқиш муддати тугайдиган хорижий автотранспорт воситаларини республикамиз ҳудудидан қайтариб олиб чиқиш муддати.

Бундан аввалроқ, республика махсус комиссияси қарорига кўра, «яшил» ҳудудларда санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, бошқа дам олиш масканлари фаолиятига рухсат берилгани хабар қилинганди.

Барча ҳудудларда уларнинг тоифасидан қатъи назар қуйидаги карантин талаблари сақлаб қолинади:

  • жамоат жойларида ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш,
  • уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситаларидан фойдаланиши;
  • таълим ташкилотлари (боғча, мактаб, лицей, коллеж, техникум, институт, университет ва бошқалар), ўқув курслари фаолиятини йўлга қўймаслик;
  • кўнгилочар объектлар – тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига йўл қўймаслик;
  • концерт, театр, кинотеатр ва спорт тадбирларини (профессионал футбол клублари ўқув машғулотлари ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатлари бундан мустасно) ўтказмаслик;
  • жамоат транспорти ҳаракатига рухсат бермаслик;
  • буюм бозорлари фаолиятига рухсат бермаслик;
  • деҳқон, қурилиш бозорлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат савдо нуқталари (супермаркет ва бошқа йирик дўконлар) кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик чораларини кўриш;
  • барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
  • қурилиш-таъмирлаш ишларида объектларнинг ҳудуди тўлиқ карантинга олиниши ва ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказлари билан биргаликда объектларда санитария-гигиена тадбирларининг амалга оширилиб борилиши. Бунда, ушбу ташкилотларнинг фаолият олиб бориш даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиш.

«Қизил» тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек, «яшил» ва «сариқ» тоифага кирувчи ҳудудларда рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунингдек, мамлакатда карантин ва ундан кейинги даврда фуқароларнинг республика бўйлаб саёҳат қилишлари юзасидан вақтинчалик тартиб ҳамда карантин даврида санаторийлар ва болалар ёзги оромгоҳларининг фаолиятини ташкил этиш бўйича вақтинчалик талаблар тасдиқланган.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan