ЎЗБЕКИСТОН

9 йил давомида илк маротаба TechWomen дастурида Ўзбекистон жамоаси ғалаба қозонди!

TechWomen — бу STEM соҳасида қизлар ва аёллар учун профессионал билим ва тажриба алмашинув дастури бўлиб, дастур доирасида иштирокчилар 5 ҳафта мобайнида Америка компанияларида тажриба орттирадилар ва ўз мамлакатлари ривожи учун ижтимоий лойиҳа устида ишлайдилар.

Ота-оналарни болаларда аутизм спектри бузилиши тўғрисида бохабар қилиш мақсадида яратилган «Болажоним» лойиҳаси эса Ўзбекистон жамоасига 9 йиллик иштирок давомида илк маротаба ғалаба олиб келди.

Бугунги кунда ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда аутизм спектри бузилишининг эрта аниқлаш бўйича малакали мутахассисларнинг етишмовчилиги ва қолаверса, ота-оналарда ҳам етарлича билим ва кўникмалар мавжуд эмаслиги кўплаб муаммоларга олиб келмоқда.

Жумладан, касалликнинг кеч аниқланиши даволаниш имкониятларини ҳам чеклайди.

Натижада, аутизм синдромига эга болалар ривожланишдан ортда қолади, бу эса уларнинг жамиятга интеграциясини ва меҳнат фаолиятини қийинлаштиради.

Касалликни эрта аниқлаш эса 66,67 фоиз ҳолларда болажонларни жамиятга муваффақиятли интеграция қилиш имкониятини оширади.

АҚШ статистик маълумотларига кўра, ҳозирги замонда ҳар ўттиз олтинчи бола аутизм хавфига дуч келмоқда.

«Болажоним» лойиҳаси ота-оналарга Telegram орқали ўзбек тилида М-ЧАТ-Р/Ф методи ёрдамида скрининг ўтказишни таклиф қилади.

Оддий тест аутизм хавфини аниқлашга ва даволаш муолажаларини эрта босқичларда бошлашга ёрдам беради.

Лойиҳа иштирокчилари айни дамда педиатрлар билан ҳамкорлик қилишни ва рақамли платформага интеграциялаш учун Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Мазкур лойиҳа 400 нафар болага хизмат кўрсатадиган хусусий клиникада синовдан ўтказилади ва кейинчалик давлат клиникаларига ҳам кенгайтирилади.

2026 йилга қадар телетиббиёт ва пуллик маслаҳатлар билан тўлиқ илова ишга туширилиши режалаштирилган.

Айтиш жоизки, “Болажоним“ жамоаси иқтидорли хотин-қизлардан ташкил топган бўлиб, улар:

  • Наталя Ни – лойиҳа менежери;
  • Динара Рустами – экология бўйича маслаҳатчи ва лойиҳа координатори;
  • Шоҳиста Эргашева – техник маҳсулотлар менежери;
  • Раъно Сиддиқова – ҳамкорлик бўйича менежер;
  • Дилбар Умарова – лойиҳа менежери.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan