9-май куни Москвадаги Қизил майдонда карантин туфайли ўтказилмай қолган ғалаба паради 24-июн куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан бўлган суҳбати давомида маълум қилди.
Шунингдек, Президент Путин вазирга Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги шарафига ўтказиладиган парадга тайёргарлик кўришни буюрди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, 24-июн санаси бекорга танланмаган: айнана 1945 йил худди мана шу санада биринчи Ғалаба паради бўлиб ўтган.
Мутаxассисларнинг фикрига кўра, Россия пандемиянинг энг юқори чўққисини босиб ўтди. Бугун барча ҳудудларда дезинфекциялаш ишлари давом эттириляпти. Пойтахтда жорий этилган барча чекловлар 31 майгача амал қилади. Шу билан бирга ўз-ўзини изоляция қилиш режимини бузганлик учун 5 минг рублгача жарима белгиланган. Маълумотларга кўра, сўнгги бир кун ичида Россияда коронавирус инфекциясидан 174 киши вафот этди – бу кунлик энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Пандемия бошланганидан бери жами 3800 дан ортиқ киши вафот этган, аммо сўнгги кунларда инфекциядан зарарланиш даражаси барқарорлашди – оxирги 11 кун ичида кунлик кўрсаткич 10 мингдан ошмаган.